Nissan-Renault`нинг собиқ раҳбари Япониядан қочиб кетди
Олам
−
02 Январь 2020
3832Француз-япон автомобилсозлик альянси “Renault - Nissan - Mitsubishi`нинг собиқ раҳбари Карлос Гон Ливанга қочиб кетди. У Токиода уй қамоғида сақланаётганди. У Японияда молиявий фирибгарлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланяпти.
“Мен одил судловдан қочмадим. Мен ноҳақлик ва сиёсий таъқибдан қочдим”, дея Гоннинг сўзларини келтирди “Reuters” агентлиги.
Гон япон судлов тизимини инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳам инобатга олмасликда айблаб, у ерда асир бўлиш нияти йўқлигини маълум қилди.
Гон Ливанда эканлиги ҳақидаги ОАВда тарқалган хабарни тасдиқлаган. Ҳозирча у Японияни қандай тарк этгани номаълум. Унга мамлакат ташқарисига чиқиш тақиқланган.
NHK телеканалининг Ливан ҳукумати вакилларига таяниб хабар беришича, Гон Японияни бошқа исм билан тарк этган бўлиши мумкин.
Ливаннинг “Ал-Ахбор” газетаси хабар беришича, Гон Японияни Истанбулдан борган шахсий самолётда тарк этган. Қочиш қандайдир хусусий қўриқлаш компанияси ёрдамида амалга оширилган.
Мазкур хабар тарқаши ортидан Туркияда бир неча киши ҳибсга олинган. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳолат бўйича текширув бошлаган. Гон Истанбулда 1,5 соат бўлган, кейин эса Ливанга учиб кетган.
65 ёшли Гон Бразилияда туғилган, унинг ота-онаси асли ливанлик. У Байрутда ўсган, кейин ўқиш учун Францияга кетган. Гоннинг Франция, Бразилия ва Ливан фуқаролиги бор.
Гон иши
Renault ва Nissan компанияларининг собиқ раҳбари 2018 йилнинг ноябрь ойида молиявий қонунчиликни бузишда айбланиб, ҳибсга олинганди.
Терговга кўра, Гон Nissan бошқарув кенгаши раиси бўлган вақтида 2010-2018 йилларда ўз даромадларининг ярмини кўрсатиб, қолган мукофотларини яширган бўлиши мумкин.
Гон 108 кунни ҳибсда ўтказди. 2019 йилнинг 6 март куни 9 млн доллар гаров эвазига қўйиб юборилган.
Бироқ орадан 1 ой ҳам ўтмасдан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айблови билан қайтадан ҳибсга олинган. Тергов унга ўзи етказган 1,85 млрд иен (21 млн доллар) зарарни компания маблағлари ҳисобидан қоплаш айбловини қўйди. Япон ОАВ маълумотига кўра, гаров эвазига қўйиб юборилган шахснинг яна ҳибсга олиниши Япония прокуратураси учун камёб ҳолат ҳисобланади.
Иккинчи мартада Гон 500 млн иен (4,5 млн доллар) эвазига уй қамоғига ўтказилган. Гон ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмай, “хиёнат ва қарама-қаршилик” қурбони бўлганини таъкидлайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь