Нигериядаги можарода 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди
Олам
−
15 Июнь 5157 1 дақиқа
Бугун, 15 июнь куни Нигериянинг марказий ҳудудларида икки жамоа ўртасида юз берган кенг кўламли этник ва ер ресурслари устидаги можаро 102 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Ҳодиса асосан фермерлар ва чорвадорлар ўртасидаги узоқ давом этаётган ер ва сув ресурслари бўйича зиддият ортидан келиб чиққан. Маҳаллий аҳоли ўртасидаги низо тез орада кенг кўламли тўқнашувга айланган. Можарода ўқотар қуроллар, пичоқлар ва бошқа совуқ қуроллардан фойдаланилгани айтилмоқда.
Воқеа тунги соат 02:00 атрофида бошланган ва икки соатга яқин давом этган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳужумчилар бензин сепиб, одамлар ухлаб ётган пайтда биноларга ўт қўйган. Аҳолининг бир қисми уйларини тарк этишга улгурмаган ва уларнинг аксарияти ҳалок бўлган.
Маҳаллий ҳукумат воқеа жойига қўшимча хавфсизлик кучларини юборган. Ҳукумат расмийси зиддиятнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича тергов ишлари бошлангани ва айбдорлар жавобгарликка тортилишини маълум қилган. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вазият бўйича хавотир билдириб, Нигерия ҳукумати ва маҳаллий ҳокимиятларни зиддиятни дарҳол бартараф этишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нигерия ҳарбийлари хатолик туфайли жангарилардан қишлоқни ҳимоя қилаётган маҳаллий аҳоли гуруҳига ҳаво зарбаси берганди. Ушбу авиаҳужумлар оқибатида 20 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганди.
Live
Барчаси