Нигерияда бир йилда қарийб 8 минг одам ўғирланди
Олам
−
27 август 469 2 дақиқа
Нигерияда 2025 йилнинг июлидан жорий йилнинг июнигача 7 минг 825 киши ўғирлаб кетилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 66 фоизга кўп Бу ҳақда “Reuters” томонидан ҳавола қилинган Нигериянинг хавфсизлик соҳасидаги SBM Intelligence консалтинг компанияси тадқиқотида келтирилади.
Қайд этилишича, шу давр мобайнида одам ўғирланиши билан боғлиқ ҳолатларда камида 1 минг 142 киши ўлдирилган. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қуролли гуруҳлар одам ўғирлашлардан камида 7,78 млрд найра ёки қарийб 5,8 млн доллар даромад олган.
Шу билан бирга, реал сумма сезиларли даражада юқори бўлиши мумкин, чунки кўплаб тўловлар ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка ошкор қилинмайди. Мамлакатнинг шимоли-шарқида қайд этилган тўловларнинг қарийб 90 фоизини “Боко Ҳарам” гуруҳининг фракцияларидан бири олган. Ҳар бирида 300 дан ортиқ одам қўлга олинган атиги иккита оммавий ўғирлашнинг ўзи гуруҳга қарийб 7 млрд найра ёки тахминан 5,2 млн доллар даромад келтирган.
Энг йирик ҳодисалардан бири Нигер штатидаги Папири мактабининг қарийб 315 нафар ўқувчиси ва ходими ўғирланиши бўлган. Таққослаш учун: 2024 йил июлидан 2025 йил июнигача бўлган даврда SBM Intelligence 4 минг 722 нафар ўғирланган ва 762 нафар ҳалок бўлганларни қайд этган. Ўшанда жиноятчилар тўлов сифатида қарийб 2,57 млрд найра олган.
Мутахассислар Нигерияда одам ўғирлаш барқарор жиноий бизнесга айланиб бораётгани ва бир вақтнинг ўзида қуролли гуруҳларни молиялаштириш манбаига айланаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.
Вазият мураккаблигича қолмоқда. Август ойида қуролланган шахслар Нигер штатидаги бир нечта аҳоли пунктларига ҳужум қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, асосан аёллар, болалар ва кексалардан иборат қарийб 600 киши ўғирлаб кетилган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нигериянинг Кадуна штатида қуролли шахслар қишлоққа ҳужум қилиши оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси