Нигер АҚШ ҳарбийларига ҳам эшикни кўрсатди
Олам
−
17 Март
19369Нигерда ҳокимиятни қўлга киритган ҳарбийлар Америка қўшинларининг ушбу Африка давлати ҳудудида қолишига имкон берувчи келишувни бекор қилди. Бу ҳақда режим матбуот котиби полковник Амаду Абдраманга таяниб, "Reuters" нашри маълум қилди.
“Шартномани бекор қилиш тўғрисидаги қарор дарҳол кучга киради”, дейилади агентлик хабарида.
Қайд этилишича, америкалик расмийлар, хусусан, АҚШ Давлат котибининг Африка масалалари бўйича ёрдамчиси Молли Фи ва Пентагоннинг Африкадаги қўмондонлиги раҳбари Майкл Лэнглининг 12 март куни мамлакатга фавқулодда ташрифи ортидан шундай қарор қабул қилинган.
Нигер муваққат ҳукуматининг расмий вакили ўз чиқишида Америка делегацияси дипломатик протоколни бузганини ва Нигер расмийларига делегация таркиби, унинг келиш санаси ва кун тартиби ҳақида маълумот берилмаганини айтган.
Билдирилишича, 2023 йил ҳолатига кўра, Нигерда АҚШнинг 1,1 мингга яқин аскари ва учувчисиз самолёт базаси бўлган.
Маълумот учун, Нигерда 2023 йилнинг 26 июль куни президент гвардиясининг бир гуруҳ ҳарбийлари қўзғолон кўтариб, президент Муҳаммад Базумнинг лавозимидан четлатилишини эълон қилди. Мамлакатни бошқариш учун қўриқчилар қўмондони Абдураҳмон Тчиани бошчилигида Ватан ҳимояси миллий кенгаши тузилди. 10 август куни Тчиани ўтиш даври ҳукуматини тузиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Қўзғолончилар Франция элчисини ва қўшинларини олиб чиқиб кетишни талаб қилиб, Франция билан ҳарбий келишувлар бекор қилинганлигини эълон қилди. Франция фақат Нигер қонуний органларининг талабларини тан олишини бир неча бор билдирган, бироқ сентябрь ойи охирида элчини чақириб олишга қарор қилган.
Октябрь ойининг охирида қўшинларни олиб чиқиш бошланди: Франция ҳарбий бўлинмалари Нигер армияси назорати остига Мали билан чегарадаги стратегик муҳим ҳудуддаги Оуалам шаҳридаги (Тиллабери вилояти) ҳарбий лагерни ташлаб кетди. Франция қўшинлари 2023 йил 22 декабрда Нигерни бутунлай тарк этди.
LiveБарчаси