Нидерландияда қамоқхоналар тўлгани учун маҳкумлар эртароқ озод қилинади
World
−
11:49 161 2 minutes
Нидерландияда қамоқхоналарда жой етишмаётгани сабаб айрим маҳкумлар жазо муддати тугашидан тўрт ҳафтагача олдин озодликка чиқарилиши мумкин. Янги чора аввал фақат бир йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинганларга нисбатан қўлланган бўлса, энди икки йилгача озодликдан маҳрум этилганларга ҳам татбиқ этилади. Бу ҳақда NOS нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳукумат қамоқхоналардаги жой танқислигини бартараф этиш мақсадида муддатидан олдин озод қилиш чораларини кенгайтирмоқда. Ўтган йили айрим маҳкумларни жазо муддати тугашидан икки ҳафта олдин озод қилишга қарор қилинган.
Янги тартибга кўра, эндиликда аёллар ҳам муддатидан олдин озод этилиши мумкин. Бунга қадар аёллар қамоқхоналарида жой етарли бўлган. Бироқ уларнинг айрим камералари эркак маҳкумларни жойлаштириш учун ажратилгани сабабли аёллар учун ҳам жой танқислиги юзага келган. Кутилишича, аёл маҳкумлар жазони кўпи билан икки ҳафта олдин тарк этади.
Шу билан бирга, жинсий жиноятлар содир этган маҳкумларга ушбу енгиллик татбиқ этилмайди. Қамоқхоналарда жой етишмаслигига бир қанча омиллар сабаб бўлмоқда. Жумладан, “Veenhuizen” ва “Sittard” каби қамоқхоналарда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани туфайли маҳкумларни жойлаштириш имконияти қисқарган. Бундан ташқари, қамоқхоналарда жой бўлмагани сабабли қамоққа олиниши керак бўлган ўнлаб шахслар полиция бўлимларидаги камераларда сақланмоқда. Уларнинг сони ҳам ортиб бормоқда.
Адлия масалалари бўйича давлат котиби Ван Брюггеннинг парламентга йўллаган мактубида таъкидланишича, қўшимча чоралар кўрилмаса, айрим қўлга олинган шахсларни ҳам озод қилишга тўғри келиши мумкин.
У мазкур вазият жабрланувчилар ва жамият учун оғир хабар эканини тан олган. Шу билан бирга, жазосизликнинг олдини олиш ва вақтинчалик фавқулодда чораларни имкон қадар тезроқ бекор қилишга ҳаракат қилинаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франциядаги жазони ижро этиш муассасаларининг тўлиши бўйича янги рекорд ўрнатилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
AllShavkat Mirziyoev Ummonga bordi
16 November
Bangladeshda tikuvchilar ish tashlamoqda
16 November