Ниҳоят! Ўзбекистонда янги мустақил авиакомпания ташкил этилади
Жамият
−
11 Ноябрь 2019
17725Охирги бир йил ичида Ўзбекистонда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг хизматлари, нархига нисбатан эътирозлар ортиб бормоқда. Айниқса, унинг мамлакатдаги монополист парвоз ширкати экани билан боғлиқ гап-сўзлар кундан кунга ортмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги эса айни вақтда Ўзбекистонда янги авиакомпания тузиш ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ҳаракат бошлаганини маълум қилди.
“Ҳозирги вақтда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда янги авиакомпанияни ташкил этиш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича зарур ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда”, дейилади расмий ахборотда.
Шунингдек, фуқаро авиацияси корхоналари мутахассислари томонидан Жаҳон банки маслаҳатчилари билан биргаликда қайтарилмайдиган ва багажсиз тарифлардан фойдаланиш йўли билан авиаташувлар нархини оптималлаштиришни, аэропорт инфратузилмасини қуриш, таъмирлаш, кенгайтириш ва модернизация қилиш дастурини, авиация ёқилғиси ва ёқилғи-мойлаш материалларини узлуксиз етказиб беришни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни, авиачипталарни онлайн-сотиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда электрон авиация юк хатини расмийлаштириш тизимини жорий этишни белгилайдиган “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятларини ривожлантиришнинг бизнес-моделини ишлаб чиқиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун халқаро аэропортларни ривожлантириш стратегиясини шакллантириш ва амалга оширишда муваффақиятли тажрибага эга юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш бўйича музокаралар ўтказилаётгани айтилмоқда.
Қолаверса, яқин ва ўрта масофаларга парвозларни амалга оширадиган ҳаво кемаларидан фойдаланиш, республика ичида норентабел қатновларни бажаришда авиаташувчиларни субсидиялаш механизмини амалда татбиқ этиш ҳисобига Ўзбекистон Республикасининг маҳаллий йўналишлари бўйича авиаташувларни ривожлантириш масалалари ишлаб чиқилмоқда.
Маълумот ўрнида, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси 1992 йил 28 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига биноан фуқаро авиацияси давлат бошқаруви органи сифатида ташкил этилган.
Ички ва халқаро авиақатновларда ташувларни бажариш ва хизмат кўрсатиш, ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, қишлоқ хўжалиги фаолияти соҳасида махсус авиация ишларини тақдим этиш ҳамда республика халқаро аэропортлари фаолиятини бошқариш “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг асосий фаолият турлари ҳисобланади.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК таркибида республиканинг барча авиакорхоналари, шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасида аэронавигация хизматларини тақдим этиш ва ҳаводаги ҳаракатни бошқариш бўйича вазифаларни бажариб келган “Ўзаэронавигация” Маркази ДУК бўлган.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5584-сонли Фармонида кўзда тутилган ислоҳотлар ниҳоясига етди, жумладан ягона таъсисчи (Давлат активларини бошқариш агентлиги) қарорига биноан:
• “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, “Учувчилар мажмуаси” ДУК, “Ҳаво алоқалари бош агентлиги” ва “Ўзавиатехтаъминот” МТТМ негизида “Uzbekistan Airways” АЖ;
• 11 та халқаро аэропорт устав фондининг давлат улушини ўтказиб бериш йўли билан “Uzbekistan Airports” АЖ;
• фуқаро ва экспериментал авиациясида ҳаво кемалари парвозлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат ва техник жиҳатдан мувофиқлаштириш ваколати берилган Фуқаро авиацияси агентлиги ташкил этилди.
Шу билан бир қаторда “Ўзаеронавигация” Маркази ДУК ва Фуқаро авиацияси агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 5647-сонли Фармонига мувофиқ ҳаво транспортини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича давлат бошқаруви органи ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги тасарруфига ўтказилди.
“Uzbekistan Airways” АЖнинг асосий вазифалари этиб ҳаво кемалари паркидан самарали фойдаланиш ҳисобига юк ва йўловчи ташиш, авиация техникасига, шу жумладан хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш белгиланган.
Шу билан бирга, “Uzbekistan Airports” АЖга республика барча халқаро аэропортларини бошқариш, авиакомпанияларга хизмат кўрсатишга слот ва рухсатлар бериш, йўловчилар, багаж ва юкга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ДХЧ механизмларидан фойдаланган ҳолда инфратузилмани такомиллаштириш, аэродромларни ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш, ёқилғи билан узлуксиз таъминлаш, аэропортларда замонавий савдо, озиқ-овқат, банклар ва йўловчиларга хизмат кўрсатадиган бошқа объектлар тармоғини кенгайтириш вазифалари юкланган.
Шунингдек, буюртмачиларнинг махсус авиация ишларига бўлган эҳтиёжларини қондириш, “кичик авиация” ҳаво кемалари паркидан самарали фойдаланиш мақсадида, ислоҳотларда қишлоқ хўжалиги тармоғида махсус авиация ишларини, республика ички ва ҳалқаро йўналишларда йўловчи, юк ва почта ташиш билан боғлиқ фаолиятни бажариш, шунингдек туризм ва санитария авиацияси соҳасида авиация хизматларини тақдим этиш учун мустақил авиакомпания ташкил этиш кўзда тутилади.
LiveБарчаси