Нетаньяхунинг қаердалиги номаълумлигича қолмоқда
Олам
−
02 Март 10174 4 дақиқа
Бугун, 2 март куни Эрон томонидан Исроил ҳудудидаги ҳукумат объектларига уюштирилган навбатдаги ракета ҳужумларидан сўнг Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг аҳволи номаълумлигича қолмоқда. Расмий манбалар ҳозирча бу борада батафсил маълумот бергани йўқ.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Жамоатчилик билан алоқалар бўлими тарқатган баёнотда Исроил Бош вазири қароргоҳи ҳамда Исроил ҳаво кучлари штаб-квартираси ракеталар билан нишонга олингани маълум қилинди. Баёнотда мазкур объектлар Эрон Қуролли кучлари томонидан қаттиқ зарбаларга учрагани қайд этилган.
ИИҚК ушбу ҳужумларни Эрон томонидан амалга оширилган ўнинчи зарба тўлқини доирасида ўтказилганини билдирган. Ҳужумларнинг оқибатлари, талофатлар ва инфратузилмага етган зарар ҳажми ҳақида мустақил манбалар томонидан тасдиқланган маълумотлар ҳозирча эълон қилинмаган.
Исроил ахборот агентликларининг хабар беришича, ракета ҳужумларидан сўнг Биньямин Нетаньяху Байт-Шемеш шаҳрига режалаштирилган ташрифини бекор қилган. У охирги марта беш соат олдин бир неча дақиқалик видеомурожаат йўллаган ва шундан сўнг умуман кўриниш бермаган. Расмийлар ҳам Нетаньяхунинг хавфсизлиги юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаган. Мамлакат ичида хавфсизлик чораларининг кучайтирилгани, ҳукумат аъзолари ва ҳарбий раҳбарият махсус бошқарув марказларига кўчирилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Биньямин Нетаньяхунинг идорасига зарба бергани ҳақида хабар қилинган эди.
АҚШ–Исроил–Эрон уруши
Кеча, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига “иммунитет” олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.
Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.
Аввалроқ, Эрон давлат телевидениеси Хоманаий Исроил ва АҚШ томонидан ўлдирилганини хабар қилган эди. Эроннинг “Tasnim” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, у кеча, 28 февраль куни эрталаб ўз ишхонасида ўлдирилган. Оятуллоҳнинг вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб 40 кунлик умумхалқ мотами ва 7 кунлик умумхалқ дам олиш кунлари эълон қилинди.
Шунингдек, Эрон ҳудудига уюштирилган ҳужум чоғида Оятуллоҳнинг оила аъзоларидан тўрт киши – қизи, куёви, набираси ва келинларидан бири ҳам ҳалок бўлган.
Қайд этиш жоиз, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ислом Республикаси Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти тасдиқланганидан сўнг, мамлакат “Қуролли кучлари тарихидаги энг шиддатли ҳужум операцияси” бошланганини маълум қилганди.
Шундан сўнг, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат Исроил ва АҚШга қарши янги ҳужумлар бошланганини эълон қилди.