Нетаньяхунинг БМТдаги нутқини Ўзбекистон делегацияси ҳам бойкот қилди

Олам

image

Аввалроқ, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаш учун минбарга чиққанда залда узоқ вақт қичқириқлар янграгани ва сўнгра кўплаб мамлакат етакчилари оммавий равишда зални тарк этгани ҳақида хабар берилганди. Бош вазирнинг нутқида иштирок этмаган делегациялар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Бу ҳақда Ynet нашри хабар берди.

Нашрнинг Исроил расмийларига таяниб ёзишича, 77 та делегация зални нутқ бошланишидан олдин тарк этган ёки умуман қатнашмаган. 

Улар орасида Миср, Иордания, Ливан ва Сурия, Саудия Арабистони, Туркия ва Эрон каби давлатлар ҳам бор. Аммо БАА вакиллари бошқалар қатори зални тарк этишга шошилмаган ва Нетаньяхунинг нутқини тинглаган. Исроил расмийлари буни ҳар икки давлат Тель-Авив билан расман дипломатик муносабатларга эгалиги билан изоҳлаган.

Кўплаб давлат етакчилари Исроилнинг яккаланиб қолишини ижобий қабул қилган ва Исроил вакиллари Ғазодаги қотилликлар учун хун тўлаши кераклигини таъкидлаган. Улар орасида Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам бор. 

“Ўша қотил Нетаньяху БМТ минбарида туриб, бўш ўринларга қараб нутқ сўзлади. Зулм остидагиларнинг дод-фарёди эрта ё кеч сизни қувиб етади”, дея фикр билдирган Туркия Президенти. 

Қайд этиш жоиз, Бош вазир минбарга чиққан вақтида зални тарк этган, ёки умуман қатнашмаган 77 давлат орасида Испания, Бразилия, Ирландия, Малайзия, Индонезия, Жанубий Корея, Қувайт, Қатар, Уммон, шунингдек Лотин Америкаси, Африка ҳамда Тинч океани минтақасидаги бир қатор мамлакатлар бор.

Эслатиб ўтамиз, Нетаньяхунинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи Ғазода ҲАМАС томонидан ушлаб турилган гаровдагилар оилаларига мурожаат билан бошланган. Исроил Бош вазирининг кўрсатмаси билан мамлакат армияси Ғазо секторида карнайлар ўрнатган ва Нетаньяхунинг нутқи у ердаги аҳолига ҳам эшиттирилган. Бундан ташқари, минглаб фаластинликларга Нетаньяху номидан хабарлар юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Ғазо Биньямин Нетаньяху БМТ Бош Ассамблеяси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг