Нетаньяху Эрон билан урушни хоҳламаслигини иддао қилди
Олам
−
13 Ноябрь
7027Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Эрон халқига видеомурожаат ёзиб, Исроил Эрон билан урушни хоҳламаслигини айтди. Мурожаат Бош вазирнинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинди.
Унинг айтишича, Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али “Хоманаий режими” Исроилдан кўра кўпроқ Эрон халқидан қўрқади. Сиёсатчининг қўшимча қилишича, шу йилнинг 1 октябрь куни Исроилга қилинган ракета ҳужуми Эронга 2,3 миллиард долларга тушган, кейинги эҳтимолий ҳужум эса Эрон иқтисодиётига янада кўпроқ зарар етказади.
“Хоманаий режими кундан кунга заифлашмоқда, Исроил эса кучайиб бормоқда. Ҳозиргача дунё бизнинг кучимизнинг бир қисмини кўрган. Биламан, кўпларингиз бу урушни хоҳламайсизлар. Мен ҳам бу урушни хоҳламайман. Исроил халқи бу урушни хоҳламайди”, дейди Нетаньяху.
Бироқ Исроил Бош вазири Исроилнинг Ғазо ва Ливанга қилаётган ҳужумлари ёки Эрон ҳудудига йўллаган ракета зарбалари давлат бюджетига қанчага тушаётгани ҳақида лом-мим демаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 октябрь куни Исроил Эроннинг 1 октябрдаги ҳужумларига жавобан мамлакат ҳудудидаги ҳарбий объектларга зарба берган эди. Шундан сўнг Эрон яҳудий давлати томонидан амалга оширилган ҳужумга жавобан Ироқ ҳудудидан жиддий зарба бермоқчилиги ҳақида хабар берилди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси