Непалнинг собиқ бош вазири ҳибсга олинди
Олам
−
28 Март 1373 2 дақиқа
Непалда собиқ бош вазир Кхадга Прасад Шарма Оли ва унинг ички ишлар вазири Рамеш Леҳак ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Улар ўтган йил сентябрь ойида “Z авлоди” томонидан ўтказилган коррупцияга қарши намойишлар вақтида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган воқеалар юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида қўлга олинган.
Ҳибсга олиш Балендра Шоҳ янги Бош вазир сифатида қасамёд қилганидан бир кун ўтиб амалга оширилган. Махсус комиссия собиқ бош вазирни намойишлар вақтида ҳаракатсизлик қилганликда айбдор деб топган. Ўша пайтда биринчи куннинг ўзида бир неча соат давом этган отишма оқибатида камида 19 намойишчи ҳалок бўлган, икки кун ичида эса қурбонлар сони 76 нафарга етган. Шу воқеалардан кейин Оли лавозимидан истеъфога чиқишга мажбур бўлган.
Полиция маълумотига кўра, улар Катманду шаҳридаги полиция бошқармасида сақланмоқда ва яқин кунларда судга олиб борилади. 74 ёшли Оли соғлиғи сабабли (у аввал буйрак трансплантациясини бошдан кечирган) полиция бўлимидан шифохонага ўтказилган.
Унинг адвокати ҳибсни асоссиз деб атаб, мижозининг терговдан яшириниб кетиш эҳтимоли йўқлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, янги бош вазир Балендра Шоҳ – собиқ репер ва Катманду шаҳри собиқ мери бўлиб, у 14 кишидан иборат янги ҳукумат таркибини шакллантирган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил сентябрь ойи бошида Непаль Президенти Рам Чандра Паудел вакиллар палатасини тарқатиб юборишга ва Олий суднинг собиқ раиси Сушила Каркини ҳукуматнинг вақтинчалик раҳбари этиб тайинлашга рози бўлган эди. Президентнинг бу қарори парламентни тарқатишни талаб қилган “зумерлар инқилоби” иштирокчиларининг талабларига мос келади.