Непалдаги сув тошқинлари мамлакат бюджети учун қанчага тушди?
Олам
−
10:31 1169 2 дақиқа
Жорий йилнинг 26 август куни Непалда юз берган ҳалокатли сув тошқинлари оқибатида уй-жойлар, инфратузилма ва бошқа мулкларга етказилган зарар камида 387,5 млрд Непал рупияси (2,56 млрд доллар)ни ташкил этди. Бу ҳақда Непал Миллий табиий офатлар хавфини камайтириш ва бошқариш бошқармаси раҳбари Дхарма Раж Упрети Reuters’га маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, табиий офатдан кейинги дастлабки тўрт ойлик тиклаш ишлари учун йўлларни қайта қуриш, вақтинчалик бошпаналар барпо этиш, ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш ва электр энергиясини тиклашга тахминан 52,6 млн доллар керак бўлади.
Упрети бу рақамлар ҳозирча дастлабки ҳисоб-китоб эканини айтиб, баҳолаш турли тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилганини билдирган. Унинг қайд этишича, тез орада зарарнинг батафсил баҳоси ўтказилади.
Қайд этилишича, Непал тошқинлардан зарар кўрган ҳудудларда қарийб 20 мингта уйни қайта қуриши керак. Шундан камида 7,5 мингта уй бутунлай вайрон бўлган.
Маълумотларга кўра, 26 август куни музликнинг қулаши оқибатида муз, тош ва лой Тришули дарёси бўйлаб оқиб тушган. Непалнинг Хитой билан чегарадош ҳудудида юз берган ушбу табиий офат шаҳар ва қишлоқларни вайрон қилган. Сўнгги маълумотларга кўра, 1 250 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган, 4 200 дан ортиқ киши эса бедарак йўқолган, минглаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Непалда вайронкор сел оқибатларини бартараф этиш ва гидроэлектр станциялари туннелларида қолиб кетганларни қидириш ишларида 500 дан ортиқ муҳандисдан иборат WhatsApp гуруҳи қутқарувчиларга реал вақтда техник кўмак бераётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси