Нега Путинни Мирзиёев кутиб олмади?

Интервью

Жорий йилнинг 14 сентябрь кечаси Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Самарқандга етиб келган эди.  Уни Самарқанд халқаро аэропортида шахсан Президент Шавкат Мирзиёев қаршилади.

Кеча, 15 сентябрда бортида Россия Президенти Владимир Путин бўлган самолёт ҳам Самарқанд аэропортига қўнди, уни эса Мирзиёев эмас, эл қатори мамлакат Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди. Бу эса тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳаммани нега Путинни Мирзиёев кутиб олмагани қизиқтирди.

Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев QALAMPIR.UZ мухбирига нега Мирзиёев Си Цзиньпинни қаршилаш учун шахсан аэропортга келгани ва Путинни кутиб олиш Арипов зиммасига тушганини тушунтириб берди.

У халқаро  муносабатларда ва халқаро ҳуқуқ нормаларида, ҳатто, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳам давлат ташрифлари, уларнинг раҳбарларини қандай кутиб олиш кераклиги ҳақида ўзига хос қонун-қоидалари борлигини таъкидлади. 

“Хитой раҳбари Си Цзиньпин Ўзбекистонга давлат ташрифини ҳам амалга оширди. Давлат ташрифини амалга ошираётган раҳбарни кутиб олиш, унга нисбатан кўрсатилиши керак бўлган муносабат, у билан шартномалар тузиш, музокаралар олиб боришнинг тартиби бошқача. Шунингдек, бу икки томоннинг келишувига ҳам боғлиқ”, дейди сиёсатшунос.

Жўраевнинг  айтишича, бу Хитой раҳбарига билдирилган ўзига хос ҳурмат рамзи ҳам. Чунки давлат ташрифи билан келган Хитой раиси бошқа давлатларга қараганда катта тантана билан қарши олинган.

“Путиннинг ташрифи ишчи ташриф. У ШҲТ саммитида иштирок учун келмоқда. Бундай ташриф билан келган давлат раҳбарини кутиб олишнинг ҳам ўзига хос протоколи бор. Икки томоннинг келишуви билан Путинни Бош вазир кутиб олгани табиий ҳол”, дейди у.

Шунингдек, у бунинг бошқа сабаби ҳам борлигини қўшимча қилди. Путин Самарқанд аэропортига қўнган пайтида Мирзиёев бошқа давлат раҳбарлари билан музокаралар олиб бораётган эди.

“Давлат ташрифи билан келган раҳбар билан музокаралар ўтказилаётган бир пайтда Мирзиёевнинг аэропортда (Путинни – таҳр.) кутиб олиши имконсиз масала. Шундай ҳолатларнинг ҳаммаси ҳисобга олинган ҳолда, барча президентлар халқаро ва давлат тартиби протоколи бўйича кутиб олинди”, деди Жўраев.   

Сиёсатшунос бу ҳолатни бошқача тушунмаслик  кераклигини тавсия қиларкан, бўлиб ўтаётган саммит туфайли Ўзбекистон халқаро сиёсатда муҳим давлатга айланиб бораётганини фахр билан тилга олди. 

Маълумот ўрнида, ШҲТ саммити арафасида Шавкат Мирзиёев нафақат Путинни, балки, бошқа давлат ва ҳукумат раҳбарларини  ҳам кутиб олмаган ва бу вазифа махсус протокол асосида Бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юклатилган.

Ҳулкар Муртазоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

1466

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг