Нега EIU ва FH “Коррупцияни тийиб туриш” бўйича Ўзбекистонга “0” балл қўйди?
Таҳлил
−
27 Декабрь 2019
11015Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хабарига кўра, жорий йилнинг 23 декабрь куни Президентнинг “Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид чора-тадбирларни тизимлаштириш тўғрисида”ги Фармони билан тузилган Устувор халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашни мувофиқлаштириш бўйича комиссиянинг йил якунлари бўйича йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш Молия вазири Жамшид Қўчқоров раислигида ўтказилган. Мажлисда Ўзбекистоннинг турли соҳалар бўйича халқаро рейтинг ва индексларда эгаллаган ўрни таҳлил қилинган.
Унга кўра, Economist Intelligence Unit ва Freedom House ташкилотлари томонидан “Коррупцияни тийиб туриш” субиндикатори бўйича Ўзбекистонга “0” балл қўйилган. Асосий сабаблар сифатида фуқароларнинг турар жойлари бузилиши, мансабдорлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиш ҳолатлари жазосиз қолаётгани, жойларда маиший коррупциянинг мавжудлиги ва суд тизимида қонун устуворлигининг ёмонлашуви кўрсатилган.
Бу сабаблар қаердан келиб чиқди?
Ҳудудларда фуқароларнинг турар жойлари қонун талабларига риоя қилинмай бузиб ташланди. Ваҳоланки, Конституциянинг 53-моддасида “хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир”, деб ёзиб қўйилган. Бу ҳақда фуқаролик кодексида ҳам алоҳида таъкидланган.
Бундан ташқари, айрим ҳокимликлар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги 97-сонли қарори асосида ишлаб чиқилган низом талабларига ҳам риоя қилинмади.
Низомда белгиланганидек, фуқаролар уйи бузилишидан 6 ой аввал огоҳлантириш хатлари олмади, компенсация тўлиқ қопланмади, баъзи вилоятларда баҳолаш ташкилотлари холис баҳолаш ишларини олиб бормади, фуқаролар судма-суд ўз мулкининг қийматини ололмай юрган ҳолатлар ҳам кўпайди.
Жорий йилнинг ёз ойларида Қашқадарё, Хоразм ва Фарғона вилоятларида ноқонуний “снос” ишлари авж олди. Бу эса жамоатчилик орасида катта кучли норозиликка сабаб бўлди. Бир неча ижро ҳокимияти, парламент вакиллари огоҳлантиришларига карамай ҳокимлар ўз билганидан қолмади. Бу муаммо халқаро майдонларда ҳам муҳокама қилиниши бошлангач, Президент мазкур масала доирасида 2 август куни катта йиғилиш ўтказишга мажбур бўлди.
Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари фаолияти кескин танқидий таҳлил қилиниб, уларга қилган хатоларини бартараф этиш юзасидан йил охиригача синов муддати ҳам берилди. Президент вилоятлар ҳокимлари Зафар Рўзиев, Фарҳод Эрманов ҳамда Шуҳрат Ғаниевга танбеҳ бериб, халқдан кечирим сўрашини талаб қилди, мамлакат Бош вазири Абдулла Ариповга ҳамда Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга қайси вилоят ҳокимини ишдан олиш бўйича таклиф беришни кўрсатма берди.
“Снос” можароси Республиканинг деярли барча ҳудудларини қамраб олди. Фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини бузган айрим амалдорларга қонуний жазо белгиланмади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241(11)-моддаси доирасида белгиланган санкция айрим ҳокимларга нисбатан татбиқ этилмади. Прокуратура бу ҳолатни ўз назоратига олмади.
Учинчи сабаб сифатида кўрсатилган жойларда маиший коррупциянинг мавжудлиги муаммоси ўзи нимани англатади? Коррупциянинг ўзи хавфлилик даражаси ва субъектларга қараб бир неча турга бўлинади. Коррупциянинг ҳаракат турлари экзоген (ташқи) ва эндоген (ички) шаклларга эга. Маиший коррупция экзоген шаклга эга бўлиб, у фуқароларнинг кундалик ҳаёти ва оилавий аҳволи билан боғлиқ бўлади. Маиший коррупция жуда хавфли характерга эга. Уни ҳар қадамда учратиш мумкин.
Касал бўласиз, шифокорга борасиз, даволатишга коррупция. Болангиз етти ёшга киради, уни мактабга олиб борасиз, қабул қилишда коррупция. Нотариусга борасиз, расмийлаштириш ишларикўп вақт олмаслиги учун коррупция. ЙПХ ходими сизни тўхтатади, сизни жавобгарликка тортмаслиги учун яна коррупция. Ўғирлик бўлади, ички ишларга борасиз, улар ўғрини топиб бериши учун коррупция.
Хуллас ҳар ерни коррупция эгаллайди. Энг қизиғи давлат ташкилотларининг марказий аппаратларида ўтирган, ислоҳотлар қилаётган шахсларнинг иши бекорга кетади. Яъни, халқ ҳар қадамда коррупция кўравергач, юқори мансабдорлар ҳақида улар ҳам коррупциянинг тепасида тургандек кўринаверади. Аслида бу нарса доим ҳам шундай бўлмайди. Бундай жамиятда инсонлар ўзи ҳам коррупцияга хайрихоҳ бўлиб қолади. Бусиз иш битмаслигига ишонади ва бераётган пулига ўзи ҳам рози бўлиб қолади. Ҳажга кетишга навбатга ёзилган оддий одам эса навбат кутишда давом этади.
Economist Intelligence Unit ва Freedom House ташкилотлари томонидан “Коррупцияни тийиб туриш” субиндикатори бўйича Ўзбекистонга “0” балл қўйилганининг яна бир сабаби сифатида суд тизимида қонун устуворлигининг ёмонлашуви айтилган.
Судда қонун устуворлигининг ўзи нима?
Бу дегани иш судгача етиб келдими унда барча ижтимоий қатлам бой ҳам, камбағал ҳам, амалдор ҳам, оддий фуқаро ҳам қонун олдида тенг кўрилади. Инсонлар қонунни ўзининг ҳимоячиси сифатида кўради. Қилаётган ёки қилинаётган ишларнинг ҳосиласини қонунларга қараб олдиндан башорат қила олади. Яъни, агар мен бу қилмишни қилсам 5 йилдан 10 йилга қамаламан ёки бўлмаса, ҳокимлик еримни тортиб олди, бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг мана шу Низомига амал қилинмади ва мен судда буни исботлайман. Судда ютгач, еримни қайтариб оламан ва етказилган зараримни ҳам суд қоплаттириб беради, деган фикр ҳаммада бўлади.
Бекорга қонун устуворлигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг олий мезони сифатида қаралмайди. Бекорга юнон файласуфи Арасту ҳам барчага тенг ва мажбурий характерга эга қонунлар бўлмаса, у давлат таназзулга учрайди, деб таъкидламаган.
Суд тизимида қонун устуворлигининг ёмонлашувига мисол сифатида қуйи судларда ҳокимлик қарорлари билан боғлиқ вазиятларда тадбиркорларнинг ютқазиши ва иш Олий судга келибгина адолатли ҳал этилишини айтиш мумкин.
Яқинда Фарғона вилоятида бўлган мисол ҳақида гапирсак, Фарғона шаҳар ҳокимлиги чорак аср аввалги хусусийлаштириш натижаларини бекор қилиш учун “Constant Trade” МЧЖни судга беради. Хусусийлаштириш натижаларини бекор қилишга қарши норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўлишига қарамай Фарғонада жойлашган биринчи инстанция суди ҳам, кейинги инстанция суди ҳам ҳокимлик фойдасига қарор чиқаради. Яхши ҳамки, Олий суд бор. Олий судга келибгина иш адолатли ҳал этилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, бекорга Economist Intelligence Unit ва Freedom House ташкилотлари “Коррупцияни тийиб туриш” субиндикатори бўйича Ўзбекистонга “0” балл қўймаган. Юқоридаги муаммолар ростан ҳам бизда мавжуд. Улар буни четда кузатиб таҳлил қилган ва барча ҳолатларни ҳисобга олган. Агар давлатда ҳақиқий суд ислоҳотлари амалга оширилмас, жамиятда халқ вакилларидан ташкил топган Парламент ваколати кенгаймас ва қонун барчага тенг бўлмас экан мана шундай халқаро ташкилотлар индикаторларида “0” баҳо олишда давом этаверамиз ва тинмай халқаро майдонларда инвестиция киритинг деб номланган чақириқларимиз жавобсиз қолаверади.
LiveБарчаси