NBA. Амалдаги ва собиқ чемпионлар ўзаро куч синашди
Спорт
−
09 Февраль 2022
2592Кеча, 8 февраль оқшомида NBA мунтазам чемпионатининг бу мавсумида энг кўп очко, энг кўп ассист, энг кўп ребанд (ҳалқадан қайтган тўпни эгаллаб олиш), энг кўп блокшот қайд этган баскетболчилар паркетга чиқишди.
Леброн Жеймс ижтимоий тармоқларда жамоадоши Уэстбрукни қўллаб чиққан постида "Жамоадаги муаммолар бир кишига тегишли эмас, бу умумий тарих", деб айтганидан ҳам билиш мумкин-ки "Лакерс"да бу йил ишлар яхши эмас.
Собиқ чемпионлар Лос-Анжелес шаҳрида амалдаги чемпионлар "Бакс" жамоасини қабул қилишди. 116:131 ҳисобида мағлубиятга учраган голливудликлар жадвалда 9-ўринда бормоқда. Баҳснинг энг яхши ўйинчиси эса 44 очко, 14 ребанд, 8 ассист қайд этган Яннис Адетокунбо бўлди.
Танасида йиғилган ёғлар ҳисобига қишдан чиқиб оладиган айиқдек аввалги ғалабалари эвазига "яшаб келаётаган" "Нетс" Бруклин шаҳридаги "Барклайс Центр" аренасида "Селтикс"ни қабул қилди. Учрашувда 126:91 ҳисобида Бостондан келган баскетболчилар ғалаба қозонди.
Бруклинликлар етакчиси Кевин Дюрант 16 январда жароҳат олганди. Шундан бери 12 ўйин ўтказган "Нетс" 10 мағлубият ва 2 ғалабага эришди. Сўнгги ўйинлардаги омадсизликларга қарамай бруклинликлар жадвалда плей-оффга чиқиш имконини берувчи ўринда кетмоқда. 22 очко, 9 ассист ва 7 ребанд тўплаган Жейлин Браун энг яхши ўйинчига айланди.
Филадельфия шаҳрида "Сиксерс" жамоаси ғарбий конференция етакчиси "Санс"ни қабул қилди. 114:109 ҳисобида ғалаба қозонган финиксликлар яна тўртта ғалабага эришса, плай-офф йўлланмасини қўлга киритган биринчи жамоа бўлади. 35 очко, 3 ассист ҳамда 4 ребанд натижасига эга Девин Букер баҳснинг энг яхши ўйинчисига айланди.
"Хокс" жамоаси Индиана шаҳридан ташриф буюрган "Пэйсерс" жамоасини қабул қилди ва 133:112 ҳисобида ғалаба қозонди. Атланталиклар плей-оффга йўлланма берувчи энг сўнгги ўринда кетмоқда. Улар учун ҳар ўйин финалга айланиши тайин. Трей Янг 34 очко ва 11 ассист натижаси билан энг яхши ўйинчига айланди.
Кечаги кун баҳсларида яна 6 учрашув бўлиб ўтди. Ундаги натижаларни қуйида билиб олишингиз мумкин:
“Гриззлис” – “Клипперс” 135:109;
“Пеликанс” – “Рокетс” 110:97;
“Маверикс” – “Пистонс” 116:86;
“Наггетс” – “Никс” 132:115;
“Трейл Блейзерс” – “Межик” 95:113;
“Кингс” – “Тимбервулвс” 114:134.
Наврўзбек Мамазиёев
LiveБарчаси