Назарбоев яна бир мақомидан маҳрум этилди

Олам

image

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга илгари берилган фахрий сенатор мақоми парламент регламентидан олиб ташланди. Бу ҳақда Қозоғистон Сенати (парламент юқори палатаси) раиси Маулен Ашимбаев бугун, 12 январь куни журналистлар билан мулоқотда маълум қилди. 

“Гап фахрий сенатор мақоми ҳақида кетмоқда. Конституциядан [мамлакатнинг биринчи президентининг мақоми ва ваколатлари тўғрисидаги моддалар] олиб ташланганини ҳисобга олиб, [Биринчи президент тўғрисидаги] қонун бекор қилинишини ҳисобга олиб, регламентимиздан фахрий сенатор унвонини олиб ташладик. Эртага парламент палаталарининг қўшма мажлисида “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида”ги қонунни муҳокамага қўямиз”, дейди Сенат раиси Назарбоев фахрий сенатор мақомини сақлаб қолганми ёки йўқми, деган саволга жавоб бериб. 

Ашимбоев бунгача бу мақом фақат бир кишига – республиканинг биринчи президентига берилганини айтди. 

Депутатлар ўтган йилнинг 19 декабрь куни бўлиб ўтган палаталарнинг қўшма мажлисида парламент ишининг янги регламентини қабул қилди. Бироқ Назарбоевга берилган фахрий сенатор мақоми бекор қилингани ҳақида аввал хабар берилмаган. 

Қозоғистон парламентининг юқори палатаси 2019 йилнинг 30 майида республиканинг биринчи президентининг қизи Дариға Назарбоева Сенат раиси бўлган пайтда Назарбоевга фахрий сенатор мақомини берган эди. Бу мақомга кўра, Назарбоев парламент юқори палатаси мажлисларида қатнашиши мумкин эди. 

Биринчи президентнинг мақоми

5 июнь куни Қозоғистонда конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Ўзгартиришлардан бири мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг мақоми ва ваколатлари ҳақидаги модданинг, шунингдек, Президентнинг кетма-кет икки мартадан ортиқ давлат раҳбари лавозимига сайланишига имкон берувчи модданинг ўчирилиши бўлди. Бундан ташқари, Назарбоевнинг миллат етакчиси мақомининг ўзгармаслиги тўғрисидаги норма чиқариб ташланди. 

Эндиликда мамлакатда Назарбоевнинг, шунингдек, унинг оила аъзоларининг мақоми ва имтиёзларини тартибга солувчи “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида”ги қонун амал қилмоқда. Назарбоев халққа мурожаат қилиш, парламент ва ҳукумат йиғилишларида нутқ сўзлаш ҳуқуқига эга. Биринчи президент дахлсизликка эга – уни ҳибсга олиш ёки ушлаб туриш мумкин эмас. Дахлсизлик Назарбоевга тегишли бўлган ва у билан бирга хусусий мулк асосида яшовчи оила аъзоларига тегишли бўлган барча мулкка нисбатан қўлланилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Нурсултон Назарбоев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг