Навоийдаги қамоқхонада маҳкум ўз жонига қасд қилди. Бунга колония ходими айбдорми?
3-саҳифа
−
08 Февраль 2022
18576Жорий йилнинг 4 февраль куни Facebook’даги Дилдора Боймуродова исмли фойдаланувчи ўз саҳифасида Навоий вилоятидаги 36-сонли манзил колонияда жазо муддатини ўтаб келаётган маҳкум Умид Жонузоқов ўз жонига қасд қилгани, унга нисбатан колония катта тезкор вакили лавозимида хизмат қилувчи майор Лочин Хидиров томонидан босим ўтказилганлиги тўғрисида видео мурожаат жойлади.
Унда Навоий вилояти 36-сон манзил колониясида Лочин исмли ходим маҳкумга тазйиқ ўтказганлиги устидан маҳкум ўзига тан жароҳати етказганлиги айтилади. Лочин исмли ҳодим маҳкумдан пул сўраганлиги ҳам айтиб ўтилади.
Ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ўрганиш олиб бориб, натижаларини эълон қилди.
Маълум қилинишича, 2015 йил 30 сентябрь куни жиноят ишлар бўйича Навоий шаҳар судининг ҳукмига кўра, маҳкум Умид Жонузоқов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 2-қисми “б” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб босқинчилик содир этиш) билан айбли деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддаси тартибида 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У 2016 йил 17 ноябрда жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг ажрими билан жазодан озод этилган.
Ушбу жиноят иши бўйича 2018 йил 14 апрель куни Жиноят ишлар бўйича Зарафшон шаҳар судининг ҳукмига кўра, у ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “а,в” бандлари, 219-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57, 59, 61-моддалари тартибида 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Жорий йилнинг 1 февраль куни соат 12:30 ларда манзил-колония 2-туркум маҳкумлар ётоқхоналарини кўздан кечириш мақсадида манзил колония ходимлари 204-хонага кирган вақтида маҳкум У.Жонузоқов маҳкумлар учун тақиқланган сенсорли телефон аппаратидан фойдаланиб ўтирганини кўриб, телефон аппаратини беришлигини сўраганда, маҳкум сенсорли телефон аппаратини бермасдан фаол қаршилик кўрсатганю Шундан сўнг, колония ходимлари маҳкум У.Жонузоқовдан маҳкумлар учун тақиқланган сенсорли OPPO русумли телефон аппарати олингандан сўнг, маҳкум ўзини хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи, қонунда белгиланган жазони ижро этиш тартибларига қарши муносабатда бўлган маҳкумлар О.С, В.М, Т.М, У.Б ҳамда М.Х.ни чақириб колония ходимларидан олинган телефон аппаратини қайтариб беришини ноқонуний равишда талаб қилган.
Шунингдек, улар колония маъмурий биносига келиб “телефонни қайтариб бермасанглар сенларга муаммо келтириб чиқарамиз, ўзимни ўлдираман”-деб ғайриқонуний равишда ўзларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида фаол қаршилик кўрсатган.
Шундан сўнг, маҳкум У.Жонузоқов ўзи билан яширинча сақлаб келаётган маҳкумлар учун тақиқланган ўткир тиғли ошхона пичоғи ва оғиз бўшлиғида сақлаб келаётган писка бўлаги билан икки қўли билак ҳамда бўйин соҳасини тилиб, ўзига тан жароҳати етказган.
Ҳозирда мазкур ҳолат Навоий махсус прокуратураси томонидан ўрганилиб, воқеа иштирокчиси бўлган маҳкумлар, ходимлар ва гувоҳ маҳкумларнинг кўрсатмалари асосида Зарафшон шаҳар суди томонидан маҳкум У.Жонузоқовга ўталмай қолган жазосининг қолган қисмини ёпиқ турдаги колонияда ўташ белгиланган.
Судда маҳкум У.Жонузоқов колония катта тезкор вакили майор Лочин Хидировга туҳмат қилганини, бошқа маҳкумларнинг ундови билан ўзига тан жароҳати етказганини маълум қилган.