Навоийда “Ўзбекистон” смартфонларини ишлаб чиқариш бошланди
Жамият
−
16 Декабрь 2020
10436Навоий шаҳридаги эркин иқтисодий-индустриал зонасида жойлашган “Telekom Devices PRO” МЧЖ томонидан миллий руҳда дастурлаштирилган “Ўзбекистон” смартфонлари ишлаб чиқарилмоқда.
64 гигабайт хотира қувватига эга ушбу смартфонлар Алоқа вазирлиги топшириғига асосан МЧЖнинг лойиҳани маҳаллийлаштириш ва ташқи иқтисодий фаолият бўйича мутахассиси Зарнигор Жуманова лойиҳаси асосида яратилган бўлиб, миллийлик нуқтаи назаридан ички бозорга мўлжаллаб тайёрланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
“Ўзбекистон” миллий смартфонлари ўзига хос миллий дизайн ва замонавий кўринишга эга бўлиб, унинг дастурий таъминоти ўзбекона тусга эгалиги билан аҳамиятлидир. Мобил алоқа воситасига Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, классик ва замонавий ўзбек адабиётининг нодир намуналари жамланмаси, радиоинссенеровкалар, 100 дан ортиқ ўзбек куй ва қўшиқлари , шунингдек, юртимизнинг энг диққатга сазовор гўшалари тасвири туширилган фото-альбомлар юкланган”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, “Ҳукумат” дастури ҳам киритилган бўлиб, дастурга барча вазирликлар, тўрт ҳокимият тизими ишонч телефонлари жойлаштирилган. Телефон рақамлар ўзгариши билан боғлиқ ҳолларда дастур автоматик тарзда янги рақамларни киритиш хусусиятига ҳам эга.
“Айниқса, телефон панелининг марказий қисмига Ўзбекистон Республикаси герби туширилиши ўзига хос янгилик бўлди. Шу билан бирга маҳсулот миллий бренд эканлигини ҳисобга олиб, телефонларни махсус совғабоп қутиларга жойладик. Бошланишига 3000 дона «Ўзбекистон» смартфонлари ишлаб чиқарган бўлсак, айни пайтда маҳсулотимизнинг 50 фоиздан кўпроғи сотилди. Бундан ташқари, болалар телефон қўл соатлари, CDMA 450 стандартидаги стационар телефонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўя бошлаганмиз. Ўз ўрнида чиқараётган маҳсулотларимиздаги хатолар устида ҳам ишлаб, технологиясини мукаммалаштириш борасида изланишларни давом эттиряпмиз”, дейди “Telekom Devices PRO” МЧЖ раҳбари Н.Раҳимов.
Электрон кооперация портали маълумотига кўра, ушбу смартфон ишлаб чиқарувчи томонидан 3 миллион 499 минг сўм қийматда таклиф этилмоқда.