Навоийда ўқитувчининг пулидан “урмоқчи” бўлган директор ушланди (видео)
3-саҳифа
−
05 Ноябрь 2025 7598 1 дақиқа
Навоий вилоятида жойлашган туманлардан биридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори ҳамда бош ҳисобчиси ўзаро тил бириктириб, мактаб мураббийига ажратилиши лозим бўлган хизмат сафари пулидан маълум қисмини ўзлаштириб олмоқчи бўлди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, улар жорий йилнинг март ва май ойларида пара енгил атлетика спорт тури бўйича мураббий 8 нафар спортчи билан Тошкент вилоятида ўтказилган мусобақада иштирок этгани бўйича тўланиши керак бўлган жами 40 млн 722 минг сўм миқдоридаги хизмат сафари пулларини тўлаб бериш эвазига ушбу суммадан 40 фоизини, яъни 16 млн сўмдан ортиқроқ қисмини беришини талаб қилган.
Сўнгра бош ҳисобчи мураббийнинг банк пластик картасига хизмат сафари пули ҳисобидан 10 млн сўм ўтказиб бериб, шундан 3 млн сўмни пора сифатида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисмининг тегишли бандлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти Солиқ бошқармасининг сайёр солиқ текширувлари бўлими катта инспектори 5 минг доллар олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинганди.
Live
Барчаси