Навоийда олтин васвасасига тушган 5 кишини қум босиб, вафот этди
3-саҳифа
−
06 Январь 2022
10930Навоий вилоятида таркибида олтин бўлган рудани ноқонуний қазиб олмоқчи бўлган 5 нафар фуқаро вафот этди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа 2021 йилнинг 23 декабрь куни Конимех туманининг Караката овулида жойлашган “Лолазор” конида содир бўлган. Таркибида олтин зарралари бўлган қумларни ноқонуний қазиб олиш жараёнида бухоролик фуқароларни тош-қум массаси босиб қолган.
Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларининг ҳаракатлари билан қурбонлар 4 январь куни қум тагидан олиб чиқилган.
“Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари натижасида Бухоро вилоятидан бўлган 5 нафар фуқаронинг жасадлари топилди ва суд-тиббий экспертизасини ўтказиш мақсадида, Зарафшон шаҳар Тиббиёт бирлашмасига юборилди”, дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, ушбу ҳодиса оқибатларини бартараф этишга 5 та техника ва 63 нафар ходим ҳамда ишчи-хизматчи жалб этилган.
Таъкидланишича, айни вақтда содир бўлган фавқулодда вазият бўйича суриштирув ишларини амалга ошириш учун Навоий вилояти ИИБ ва Конимех туман ИИБ ТТГ ходимлари ҳамда Конимех тумани прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, бу “Лолазор”да содир бўлган биринчи ҳолат эмас. 2021 йилнинг 13 ноябрь куни ҳам ушбу ҳудудда ноқонуний олтин қазиб олувчиларни тупроқ босиб қолган ва 4 киши ҳалок бўлганди.
LiveБарчаси