Навоийда ҳавони ифлослантирган 20 та корхона ёпилди

Жамият

image

Навоий вилоятида атмосферага салбий таъсир кўрсатувчи ҳамда экологик экспертиза хулосасига эга бўлмаган 20 та корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда махсус комиссия хабар берди.

Қайд этилишича, 2025 йилнинг август-сентябрь ойларида Навоий шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги 168 та саноат корхонасида ўрганишлар ўтказилган. Ҳудуд бўйлаб 11 та нуқтада кўчма лаборатория ёрдамида ҳаво таркиби таҳлил қилиниб, атмосферадаги олтингургурт диоксиди (SО₂) меъёрдан 1,86 баравар, аммиак (NH₃) эса 1,43 баравар ошиб кетгани аниқланган.

Текширув давомида “Согда Кимё Завод” МЧЖ давлат экологик экспертизаси хулосасисиз ишлаб келаётгани, ҳудудида тартибсиз чиқиндихона ташкил этгани, қурилиш чиқиндиларини ташқи ҳудудларга олиб чиқиб ташлагани маълум бўлган. Тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилиб, 2025 йил 3 сентабрдаги суд қарори билан “Согда Кимё Завод”га қарашли 3 та корхона фаолияти тўхтатилди. 

Шунингдек, “Навоийазот” ҳудудида ўтказилган таҳлиллар ҳам бир қатор жиддий камчиликларни кўрсатди. Ушбу ҳудудда аммиак миқдори 1,5 баравар, водород сульфид 36 баравар, ғарбий ҳудудда эса аммиак 6,6 баравар, водород сульфид 1,4 баравар, олтингугурт диоксиди эса 1,2 баравар меъёрдан юқори экани аниқланган. 2025 йил 29 август ва 13 октябрдаги суд қарорлари билан корхонанинг 23 цехи ҳамда 919 цехи фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Ўрганишлар давомида экологик талабларга зид фаолият юритган жами 20 та корхона бўйича ҳужжатлар судга киритилиб, уларнинг фаолияти чек қўйилган. Шу билан бирга 127 та ноқонуний, қўлбола усулда қурилган оҳак пишириш хумдонлари бузиб ташланган.

Ҳукуматнинг 2021 йил 12 апрелдаги 202 сон қарорига асосан, 10 миллиард 348 миллион сўм компенсация тўлови белгиланган. Шундан, 2,5 млрд сўм – “Навоийазот” АЖга, 7 млрд сўм – “Согда Кимё Завод” МЧЖга, 0,5 млрд сўм – бошқа корхоналарга тўғри келди.

Бундан ташқари, масъул шахсларга нисбатан 37 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Корхоналарга аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича 220 дан ортиқ мажбурий кўрсатмалар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ҳаво ифлосланиши фонида иссиқхоналарга рейд уюштирилгани ҳақида хабар берилганди. Рейдлар давомида ҳаво сифати мониторинги, ҳаво ифлосланишига таъсир кўрсатаётган асосий омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланаётгани ҳамда экологик меъёрларни бузаётган иссиқхоналар, турли хил печлар ва ҳавога зарарли моддалар чиқараётган корхоналар фаолияти Ишчи гуруҳ томонидан текширилаётгани маълум қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент атмосфера Навоийазот Согда Кимё Завод Ишчи гуруҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг