Навоий вилояти ИИБ шифокорларнинг ҳақоратлангани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди
Жамият
−
02 Ноябрь 2019
6151Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида уч маст эркак чақириқ бўйича келган “Тез ёрдам” ҳодимларини таҳқирлагани ҳақида хабар ва видео тарқалди. Хабарда ИИБ шифокорларга қўл кўтарган шахсларга чора кўрмаётгани айтилган. Хабар муаллифи шундай дейди:
“Тиббиёт бирлашмасидан ёзмоқдамиз. 31 октябрь куни “тез ёрдам” бўлимига тушган чақириққа асосан шифокор Нажмиддин Болиқулов ва фельдшер Улуғбек Ражабов Наврўз кўчаси 10-уй 4-хонадонга борган.
Ҳамкасбларимизни маст ҳолдаги уч эркак кутиб олган. Уларни шифокорни ҳақоратлаган ва унга қўл кўтариб тажовуз қилган. Бу фуқаролар тиббий ёрдамга муҳтож бўлмагани ҳолда, шифокорларни атайин мазахлаш учун чақирган деган тахминдамиз.
Ушбу ҳолат юзасидан ички ишлар идорасига хабар берилган. Учаласи ҳам маст ҳолда бўлгани сабаб ҳушёрхонага жойлаштирилган. Аммо ИИБ ходимлари бирор чора кўрмай, 4 соатдан сўнг уларни қўйиб юборган. Шифокорларни таҳқирлаган, ҳамкасбларимизга қўл кўтарганларга қонуний жазо берилишини талаб қиламиз!”
Мазкур хабарлар ортидан Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси раддия берди ва ҳолатга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳолатни ўрганиш мобайнида жорий йилнинг 31 октябрь куни соат 17:40да Учқудуқ туман Тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимига Элдор Пўлатов таниши Камол Ҳикматовнинг соғлиги ёмонлашганлиги ҳақида берган хабарига асосан тез ёрдам бўлими навбатчи шифокори Нажмиддин Бобоқулов ва навбатчи фельдшер Улуғбек Ражабовдан иборат навбатчи гуруҳ белгиланган манзил Учқудуқ тумани Навруз кўчаси 10-уй 4-хонадонга соат 17:45 да етиб келишгани аниқ бўлди.
Тиббиёт ходимлари келгунига қадар Камол Хикматов маст ҳолатда ухлаётган бўлган, тиббиёт ходимлари келганидан сунг Камол Хикматов уйғониб навбатчи шифокор Нажмиддин Бобоқулов эгнига кук рангли тиббиёт халати устидан қишқи куртка кийганлиги сабабли, “нима учун оқ халатда эмассан, нима учун мени оёғинг билан туртиб уйғотдинг”, деб Нажмиддин Бобоқулов билан ўзаро жанжаллашган. Жанжал вақтида Камол Хикматов шифокор Нажмиддин Бобоқуловнинг кўкрак қисмидан қўли билан бир маротаба уриб Элдор Пўлатов билан бирга ҳар-хил сўзлар билан ҳақоратлаган.
Жанжал бўлаётганлиги тўғрисида туман ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспектори Э.Исломовга соат 17:49 да навбатчи фельдшер Улуғбек Ражабов телефон орқали хабар берган. Хабар асосида профилактика инспекторлари Э.Исломов, Ф.Пўлатов ва А.Исматуллаев воқеа жойига келиб, жанжалга барҳам беришган. Профилактика инспекторлари зудлик билан “Маст ҳолдаги фуқароларни реаблитация қилиш” марказига олиб келиб жойлаштиришган.
Ҳолат воқеа содир бўлган куни туман ИИБ Шакл-2 журналида
242-рақами билан қайд этилиб, терговга қадар текширув харакатлари олиб бориш учун профилактика инспектори Э.Исломовга топширилган.
Ҳолат юзасидан Н.Бобоқулов, К.Хикматов, Э.Пўлатов, У.Ражабовдан тушунтириш хати олиниб, судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
Хозирда терговга қадар текширув харакатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси