Навоий ҳокимлиги маҳаллаларни сунъий интеллект билан “ободонлаштирди"

Жамият

image

Аввалроқ, Навоий шаҳри ҳокимлигининг “Ҳаёт” маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари юзасидан Телеграм-каналида эълон қилган фотоҳисоботларида маҳалла ҳудудидаги ободонлаштириш ишларидан аввалги ва кейинги кўринишидаги расмларни сунъий интеллект орқали тайёрлаган бўлиши мумкинлиги ҳақида QALAMPIR.UZ хабар берганди. Мазкур ҳолат, айниқса, интернет фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлганди. 

Энди эса, шаҳар ҳокимлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, суратларни тайёрлашда чиндан ҳам сунъий интеллектдан фойдаланилганига иқрор бўлди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар берди.

Муносабатда айтилишича, материалларни тайёрлаш ва каналга жойлаштириш жараёнида масъул ходимлар томонидан эътиборсизликка йўл қўйилган. Маҳалла ҳудудидаги ҳақиқий ўзгаришларни кўргазмали ва сифатлироқ форматда тақдим этиш мақсадида дизайн жараёнида сунъий интеллект элементларидан фойдаланилган ҳамда ушбу материаллар тегишли текширувдан ўтказилмасдан эълон қилинган. 

“Ушбу ҳолат ва жамоатчиликда туғилган ўринли эътирозлар учун фуқароларимиз ҳамда ижтимоий тармоқ кузатувчиларидан узр сўраймиз”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Шунингдек, материалларни тайёрлашга масъул бўлган ходимлар огоҳлантирилгани айтилган.

Бундан ташқари, “Ҳаёт” маҳалласида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасида ҳақиқатдан ҳам салмоқли ишлар бажарилгани қайд этилган. Таъкидланишича, маҳалла ҳудудида йўллар таъмирланиб, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган ҳамда болалар майдончаси барпо этилиб, яшил ҳудудлар барпо қилинган. 

Қайд этилишича, натижалар сунъий эмас, балки реал ҳаётда ўз аксини топганини кўрсатиш мақсадида ушбу муносабатга маҳалла ҳудудининг бугунги кундаги ҳақиқий (ишлов берилмаган) фото ва видео лавҳалари илова қилинган.

“Биз фуқароларимиз ва ОАВ вакилларининг холис назорати ҳамда билдирилган фикрларини юқори баҳолаймиз. Барча ОАВ ходимлари, блогерлар ва жамоатчилик вакилларини “Ҳаёт” маҳалласига ташриф буюриб, амалга оширилган ишларга ўз жойида холис баҳо беришга таклиф этамиз”, дея таъкидланган муносабатда.

Билдирилишича, ҳокимлик томонидан кейинчалик ахборот хизмати фаолиятида бундай кўринишдаги хатоликларга йўл қўйилмаслиги учун назорат ва талаб янада кучайтирилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг