Навбат Қашқадарёга. 13 ёшли меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси зўрлангани аниқланди
3-саҳифа
−
05 Апрель 2023
26471Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 13 ёшли оилавий болалар уйи тарбияланувчиси уни асраб олган эркак томонидан зўрлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов изоҳ берди.
Маълум қилинишича, ҳолат ростан ҳам ушбу вилоятда содир бўлиб, 13 ёшли қиз 51 ёшли К.Т. исмли эркак томонидан зўрланган. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, қиз ҳомиладор бўлиб қолган ва унинг боласини мажбуран туширтиришган.
Ҳозирда К.Т. Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисми ва 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Келтирилишича, унинг бу жиноят ишини кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида 7 апрель куни бошланади.
Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ мазкур жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади. Қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилади.
Педофил амалдорлар қиссаси
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Хоразмда вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Айбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Анвар Қурязов вилоят Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари Ю.Х. билан тил бириктириб, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини мунтазам равишда зўрлаб келган.
Ҳолат Жиноят ишлари бўйича Хива туман судида кўриб чиқилиб, 2022 йил 6 сентябрда ҳукм эълон қилинган.
Унга кўра, 1979 йилда Урганч шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлган Ю.Х. Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” банди, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, 1 йилга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
1979 йилда Нукус шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган А.М. (Айбек Машарипов) ва 1984 йилда Янгиариқ туманида туғилган, Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Қ. (Анвар Қурязов) Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 1 йилу 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
А.М. ва А.Қ.нинг ҳимоячиси ҳамда Ю.Х. томонидан киритилган апелляция шикоятларига асосан ушбу жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилиб, Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукми билан судланувчиларга нисбатан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.
Кейинчалик Адлия вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, ходимнинг ишдан олингани, эндиликда вазирликка алоқаси йўқ эканини маълум қилди. ФВВ ҳам ўз ходими ўтган йили тергов ишлари олиб борилаётган вақтда эгаллаб турган лавозимидан озод этилганини айтиб чиқди.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш вақти келгани ҳақида маълум қилди. Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева ушбу ҳолатни “хавотирли” деб атаб, Бош прокуратура синчковлик билан текширув ўтказиши кераклигини таъкидлади.
Бош прокуратура томонидан Хоразм вилоятидаги ҳолат билан боғлиқ жиноят иши бўйича чиқарилган суд ҳукми ва аппеляция инстанциясининг ажримлари қонунийлиги ўрганилган.
29 март куни судланган А.Машарипов ва А.Курязовларга енгил жазо тайинлангани ва бошқа ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган.
LiveБарчаси