Навальнийнинг жасади яна икки ҳафта “экспертиза”дан ўтказиладиган бўлди
Олам
−
20 Февраль
4376Россиялик мухолифатчи Навальнийнинг жасади яна 14 кун давомида "кимёвий экспертиза"дан ўтказилиши маълум бўлди. Бу ҳақда журналист Кира Ярмиш хабар берди.
Унга кўра, марҳум сиёсатчининг жасади яна икки ҳафта давомида оиласига кўрсатилмайди. Россия Тергов қўмитаси Алексей Навальнийнинг жасадини унинг онаси Людмила Ивановнага беришдан бош тортган. Бунга унинг жасади кимёвий экспертизадан ўтказиш учун юборилгани ва бу жараён 14 кун давом этиши баҳона бўлган.
"Навальнийнинг жасади қотиллик изларини беркитиш учун яширилмоқда. 14 кунлик "кимёвий текширув" очиқдан очиқ ёлғон ва масхарабозликдир", деб ёзган сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Россия ҳукумати мухолифатчи Алексей Навальний қамоқда вафот этганини эълон қилди. Шундан сўнг бир қатор дунё сиёсатчилари, жумладан АҚШ Президенти Жо Байден ҳам Навальнийнинг ўлими учун Путинни айблади.
Шундан сўнг, Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийнинг онаси Людмила Ивановна ўғли вафот этган Харп қишлоғидаги қамоқхонага борди. Людмила Ивановнага ўлим гувоҳномаси берилган, бироқ сиёсатчининг жасади Салехарддаги ўликхонада экани айтилган.
"Ямал-Ненецк автоном округидаги 3-сонли ахлоқ тузатиш колонияси раҳбарияти Алексей Навалнийнинг жасади Салекхард ўликхонасида эканлигини айтди. Сиёсатчининг онаси у ерга келганида, уларда жасад йўқлигини айтишди", деб ёзган эди Кира Ярмиш бу ҳақда.
Бундан ташқари, 50 мингдан ортиқ киши Навальнийнинг жасадини оиласига топширишни талаб қилиб чиққан.
LiveБарчаси