Навальний жазо изоляторига жойлаштирилди

Олам

image

Россиялик мухолифатчи Алексей Навалний иккинчи марта Владимир вилояти Мелехово шаҳридаги 6-сонли қаттиқ тартибли колониядаги жазо изоляторига юборилди. Бу ҳақда унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар берилган.

Унга кўра, жазога тортилишига конвой қоидаларини бузгани сабаб бўлган – Навальний бир неча сония давомида қўлларини орқасида ушлаб турмаган. У 5 кун давомида жазо изоляторида сақланади. 

“Мен ЖИЗОга қайтдим. Қамоқхонада юрган вақтда қўлларни орқага қилиб юриш керак, одатда бу уч сония давом этарди. Лекин мен уч сония оддий юрдим, яъни қўлларимни орқага қилмасдан ва жиноят содир этдим”, дейилади хабарда.

Айтиш жоизки, жорий йилнинг 22 март куни Москванинг Лефортово суди россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни фирибгарлик ва судга ҳурматсизлик қилгани учун тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилди ва 1,2 миллион рубль (11,4 минг доллар) миқдорида жаримага тортганди. 

Маълумот учун, Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний ўтган йилнинг 20 августида Россиянинг Томск шаҳрида заҳарланганидан сўнг, Германияда 4 ой даволаниб, жорий йилнинг 17 январь куни Россияга қайтди ва дарҳол ҳибсга олинди.

Кейинроқ “Ив Роше” иши бўйича суд қилинган мухолифатчи 3,5 йилга қамалди. Ўлишига бир бахя қолган Навальнийнинг ўзи бир қатор интервью ва чиқишларида жонига суиқасд қилинишида тўғридан-тўғри Путинни айблаган.

2021 йилнинг 19 январь куни Навальний томонидан ташкил қилинган Коррупцияга қарши кураш фонди “Путиннинг қасри” ҳақидаги фильмни эълон қилди. У 100 миллион мартадан ортиқ томоша қилинди, ижтимоий тармоқлар эса шу мавзудаги мемларга тўлиб кетди. Ҳукумат унинг қаср эмас, апарт-меҳмонхона эканлигини ва унга Путин эмас, балки унинг дўсти Аркадий Ротенберг эгалик қилишини маълум қилди.

Москванинг Симонов туманлараро суди 2 февралда Навальнийни “Ив Роше” иши бўйича айбдор деб топиб, унинг жазони колонияда ўташи ҳақида қарор чиқарганди. Москва шаҳар суди 20 февралда қарорни қонуний деб топди ва суд ҳукми кучга кирди. Навальний колонияда яна 2,5 йил давомида суд белгилаган жазони ўтайди.

Эслатиб ўтамиз, Россия мухолифати етакчиси, сиёсатчи Алексей Навальний Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бош мукофоти “Фикр эркинлиги учун” Андрей Сахаров мукофотини олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

93

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг