НАТО етакчилари Анқарада йиғилади
Олам
−
10:01 1110 2 дақиқа
Келаси ҳафта, 7–8 июль кунлари Туркия пойтахти Анқарада НАТОга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади. Унда АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам иштирок этади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Саммит давомида альянс ичидаги сўнгги келишмовчиликларни бартараф этиш, мудофаа харажатларини ошириш ҳамда Украинани қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинади.
Қайд этилишича, саммит АҚШ ва Европа давлатлари ўртасида Эрон можароси, Гренландия масаласи ҳамда Вашингтоннинг НАТО олдидаги мажбуриятларини қисқартириш ҳақидаги баёнотлари ортидан юзага келган кескин бир даврга тўғри келмоқда. Европа давлатлари эса Трамп маъмуриятига қитъа мудофааси учун кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олаётганини намойиш этишга уринмоқда.
НАТО Бош котиби Марк Руттенинг айтишича, саммитнинг асосий мақсади қўшимча мудофаа харажатларини амалий ҳарбий салоҳиятга айлантириш ва альянснинг мудофаа саноатини кенгайтиришдан иборат.
“Келаси ҳафтадаги саммит қўшимча харажатларни жанговар салоҳиятга айлантириш ва мудофаа саноатини сезиларли даражада кенгайтиришга қаратилади”, деган Рутте.
Унинг таъкидлашича, НАТО АҚШ, Канада ва Европа давлатларини бирлаштирган ҳарбий-сиёсий альянс бўлиб қолади, бироқ Европа давлатлари ва Канада қитъа мудофааси учун тобора кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олмоқда.
Саммит якунида аъзо давлатлар Россия таҳдидига қарши мудофаа харажатларини ошириш бўйича мажбуриятларини яна бир бор тасдиқлаши, шунингдек, Украинага қурол-яроғ етказиб беришни молиялаштиришни давом эттиришга ваъда бериши кутилмоқда.
Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мезбонлигидаги расмий тадбирда иштирок этади. Эрдўған саммит доирасида Дональд Трамп билан ҳам икки томонлама музокара ўтказиши режалаштирилган.
Трамп яқинда Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида АҚШ НАТО давлатларини ҳимоя қилиш учун катта маблағ сарфлаётгани, бироқ бунинг эвазига ҳеч қандай фойда кўрмаётганини таъкидлаган.
Шунга қарамай, НАТО раҳбарияти альянс АҚШ хавфсизлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини, Европа давлатлари эса мудофаа харажатларини ошириш бўйича Вашингтоннинг узоқ йиллик талабларини бажаришга киришганини қайд этмоқда.
“НАТО яшаб турибди, аммо бироз жароҳатланган”, деган исми ошкор этилмаган европалик дипломат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пентагон раҳбари Пит Хегсет Брюсселда бўлиб ўтган НАТО мамлакатлари мудофаа идоралари раҳбарларининг учрашувида альянсни танқид қилиб, ташкилотни қайта ишга туширишга – “НАТО 3.0”ни яратишга чақирган эди.
Live
Барчаси