НАТО ва ЕИ Россия ва Хитойга қарши бирлашиб курашмоқчи. Янги ҳужжат қабул қилинди
Олам
−
10 Январь 2023
6619Европа Иттифоқи ва НАТО икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги янги декларацияни имзолади. Бугун, 10 январь куни Брюсселдаги НАТО штаб-квартирасида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Декларацияни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, Европа комиссияси ва Европа кенгаши президентлари Урсула фон дер Ляйен ва Шарль Мишель имзолади.
“Agence France-Presse” ҳужжатга таяниб, Европа Иттифоқи ва НАТО Украинадаги можаро фонида мудофаа соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш ниятида экани ҳақида хабар берди. Агентлик маълумотларига кўра, ҳужжатда иккала томон ҳам ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқиш ва умумий мақсадларга эришиш учун сиёсий, иқтисодий ёки ҳарбий бўлсин, барча мавжуд умумий воситаларни сафарбар этиш мажбуриятини олгани қайд этилган.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг маълум қилишича, янги декларация дунёда геосиёсий рақобат кучайган шароитда томонлар ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган.
“Биз яқинда альянс ва Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш учун учинчи қўшма декларацияни имзоладик, бу [қадам] ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ”, дейди у.
Бош котибнинг сўзларига кўра, бу чора халқаро майдондаги авторитар кучлар томонидан сиёсий, иқтисодий, технологик ва ҳарбий воситалардан фойдаланиб, манфаатлар, қадриятлар ва демократик тамойилларга қарши кураш олиб бораётган ўн йилликлардаги энг жиддий таҳдидлар билан боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, у Россиянинг Украинадаги “махсус ҳарбий операцияси”, шунингдек, Хитой фаоллиги кучайиб бораётганини тилга олди.
Декларация матнига кўра, НАТО Евро-Атлантика минтақасида жамоавий хавфсизликнинг асоси бўлиб қолмоқда, бироқ альянс, шунингдек, НАТО билан мос келадиган ва ташкилот имкониятларини тўлдирадиган фаолроқ Европа мудофааси қийматини тан олади. Столтенберг, шунингдек, ҳужжатда геостратегик рақобат кучайган шароитда Европа Иттифоқи ва НАТО манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, минтақадаги муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш ва чет эл аралашувининг олдини олиш бўйича ҳамкорликни янги босқичга кўтариш назарда тутилганига эътибор қаратди.
Бундан ташқари, НАТО ва ЕИ коинотда, янги ва илғор технологияларни ишлаб чиқишда, шунингдек, иқлим ўзгариши хавфсизлик сектори учун яратаётган салбий оқибатларга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида.
LiveБарчаси