Нарзулло Обломуродов президентликка номзод сифатида тасдиқланди
Жамият
−
27 Август 2021
5985Бугун, 27 август куни Ўзбекистон Экологик партиясининг III Съезди бўлиб ўтди. Унда партиянинг Президент сайловидаги номзоди расман тасдиқланди.
Партиянинг III қурултойида Ўзбекистон Президентлигига партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов номзоди съезд делегатларининг кўпчилик овози билан тасдиқланди.
Обломуродов сайловолди дастурининг бош шиори “Биз келажак учун жавобгармиз” эканини маълум қилди.
Нарзулло Обломуродовнинг сайловолди дастурида асосий эътибор бир қатор экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг экологик маданиятини ривожлантириш каби масалаларга қаратилган:
• “яшил” иқтисодиёт тамойиллари асосида мамлакатни жадал ривожлантиришга йўналтирилган сиёсатни юритиш;
• аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш қамровини кенгайтириш, оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ҳамда янгиларини қуриш чораларини кўриш;
• чиқиндиларни қайта ишлашга қаратилган давлат сиёсатини кучайтириш;
• иқлим ўзгаришларига мослашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш;
• атмосферага ташланмаларни камайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш;
• жамиятда юксак экологик маданиятни шакллантириш, она табиатни, жумладан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини кучайтириш;
• глобал ва трансчегаравий экологик муаммоларни ҳал қилишда хорижий давлатлар, авваламбор, Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш.
Делегатлар номзоднинг сайловолди дастурини бир овоздан маъқуллади. Съезд якунида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
LiveБарчаси