Нархлар ошди, ваъдалар кўпайди. 2025 йилда иссиқлик тизимида нималар ўзгаради?

Интервью

Жорий йилнинг 15 ноябридан Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматлари учун тарифлар 15 фоизга ошган эди. Келаси 2025 йилдан бошлаб эса нархлар нафақат Тошкент шаҳри, балки бошқа вилоятларда ҳам яна 15 фоизга оширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабар берди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўйилган топшириқларга биноан иссиқлик таъминоти тизимида тариф сиёсатини қайта кўриб чиқиш, аҳолига кўрсатиладиган хизматларни яхшилаш бўйича вазифалар белгиланган. Шу муносабат билан иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштириш, субсидиялар миқдорини қисқартириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. 2024 йилда тарифларни қайта кўриб чиқиш натижасида вилоятларда бир марта, Тошкент шаҳрида эса икки марта нархлар оширилди. 2025 йилда газ ва электр энергиясининг нархи қайта кўриб чиқилиши билан бирга, иссиқлик таъминоти учун ҳам янги тарифлар жорий этилиши кутилмоқда”, деди Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Илҳом Тўраев QALAMPIR.UZ га берган интервьюсида.

Хабарингиз бор, 2024 йил 2 апрелдан аҳолига иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматлари учун чакана тариф 15 фоизга оширилган бўлиб, 2019 йилдан бери амалда бўлган гигакалорияси 91 960 сўмдан 105 754 сўмга етказилган. 15 ноябридан эса тарифлар яна 15 фоизга оширилиб, аҳоли учун чакана тарифи гигакалорияси 121 617 сўм қилиб белгиланди.

Келаси 2025 йилда тўловларни яна оширишнинг сабаби сифатида бугунги кунда энергия ресурслари қимматлиги ва иссиқлик таъминотини ишлаб чиқараётган маҳсулот таннархи пастлиги кўрсатилди. Шунинг учун тарифларни қайта кўриб чиқиб, бозор нархига яқинлаштириш режалаштирилган. Шунингдек, Илҳом Тўраевнинг маълум қилишича, нархларни ошириш эвазига аҳолига иссиқлик таъминоти сифати яхшиланиши таклиф қилинади.

Нархлар яна оширилиши ва ҳозирда иссиқлик таъминотининг сифати қандайлиги бўйича QALAMPIR.UZ аҳоли фикрига қизиқди.

Одамларнинг айтишича, ҳозирги шароитда иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти нархлари шундоқ ҳам қиммат бўлиб, сифати ҳам етарлича талабга жавоб бермайди.

“Ўзи шундоқ ҳам тўлашга имкониятимиз бўлмайди, бир томонда рўзғор. Тўловларни ҳаммаси қиммат бўлиб кетди, шунга яраша сифати яхши бўлса ҳам майли эди”, деди пенционер аёл.

“Бунақа масалаларни аҳоли билан маслаҳатлашиб ҳал қилиш керак. Халқ нимадан рози, нимадан норози – халқнинг ичига кириб билиш керак”, деди ўрта ёшли аёл.

“Аҳолининг фикрини ўрганиб чиқиб қарор қилган яхши, чунки ҳозирда шундоқ ҳам нархлар қиммат ва баъзи бир хонадонларда электр тармоғи чеклаб қўйилгани, газ нархининг ошишига қўшимча қилиб, иссиқлик таъминотининг ҳам яна ошиши халқни қийнаб қўяди”, деди ўрта ёшли эркак.

Маълумотларга кўра, биргина Тошкент шаҳрида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун бюджетдан 732,6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. Ушбу маблағнинг энг катта қисми – 623,8 миллиард сўми иситиш тизими учун ажратилган. Бу маблағ ҳисобига 736 та қозон ва 585 километр иссиқлик тармоқлари жорий ва мукаммал таъмирланган бўлиб, шундан 634 та қозон ва 490 километр иссиқлик тармоқлари Тошкент шаҳрига тўғри келади.


Мақола муаллифи

Теглар

иссиқлик тизими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made

Мавзуга доир янгиликлар