Намойишларга қарамай Грузия парламенти мунозарали қонунни қабул қилди (видео)
Олам
−
14 Май
3098Грузия парламенти “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини учинчи ва якуний ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда “Рустави 2” телеканали хабар берди.
Қонунни парламентнинг 84 аъзоси қўллаб-қувватлади, 30 нафари эса қарши чиқди.
Бугун, 14 май куни парламент йиғилишида ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси аъзолари ва мухолифат депутатлари ўртасида муштлашув келиб чиққан. Можаро Бирлашган Миллий Ҳаракат раиси Леван Хабеишвилининг чиқиши вақтида бошланган. “Грузин орзуси” депутати Дито Самхарадзе рақибига бир неча ҳақоратомуз иборалар айтган. Оқибатда 20 га яқин депутат иштирок этган муштлашув бошланди.
Энди "хорижий агентлар" тўғрисидаги қонун имзолаш учун Грузия Президентига юборилади. Президент Саломе Зурабишвили вето қўйишини айтган, аммо "Грузия орзуси" партияси ветони бекор қилиш учун етарли овозга эга.
Бугун тушдан кейин парламент биноси ёнида “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун муҳокама қилинаётган пайтда минглаб одамлар иштирокида норозилик митинги бўлиб ўтди.
Қайд этиш жоизки, “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи бор ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси томонидан тақдим этиляпти. Партия 2023 йил март ойида кенг тарқалган норозиликлардан кейин уни қайтариб олган. Мухолифатга кўра, қонун лойиҳаси "хорижий агентлар" ҳақидаги Россия қонунчилигини такрорлайди.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси Грузияда деярли бир ойдан бери давом этаётган оммавий норозилик намойишлари билан кечмоқда.
Қонун лойиҳасида “хорижий агентлар” реэстрини яратиш кўзда тутилган, унда 20 фоиздан ортиқ хориждан молиялаштириладиган барча нотижорат юридик шахслар ва оммавий ахборот воситалари кўрсатилади. Улар йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилишлари керак бўлади.
LiveБарчаси