Намойишлар ортидан Болгария ҳукумати тарқатиб юборилди

Олам

image

Болгария Бош вазири Росен Желязков мамлакатдаги иқтисодий сиёсат ва коррупцияга қарши самарали курашилмаётгани учун бир неча ҳафта давом этган кўча намойишларидан сўнг бугун, 11 декабрь куни ҳукуматининг истеъфосини тақдим этди.

Желязков телевидение орқали чиқиш қилиб, парламент унга нисбатан ишончсизлик вотуми бўйича овоз бериш арафасида ўз истеъфосини эълон қилди.

Истеъфо Болгария 1 январь куни евротасма – евроҳудудга қўшилишидан бир оз олдин содир бўлмоқда.

“Коалициямизнинг йиғилиши бўлиб ўтди, биз бугунги вазиятни, дуч келаётган муаммоларни ва масъулият билан қабул қилишимиз керак бўлган қарорларни муҳокама қилдик. Жамият кутган даражада бўлиш бизнинг истагимиз. Ҳокимият халқ овозидан келиб чиқади”, деди Желязков ҳукуматнинг истеъфога чиқиш қарори ҳақида маълум қилиб.

Кеча, 10 декабрь куни минглаб болгарлар Софияда ва Қора денгиз бўйлаб жойлашган ўнлаб шаҳарларда намойишга чиқди – бу мамлакатдаги чуқур илдиз отган коррупция ва уни бартараф этолмаган кетма-кет ҳукуматлардан халқнинг чарчаганини кўрсатувчи навбатдаги норозилик акцияларидир.

Олдинги ҳафтада Желязков ҳукумати евро билан тайёрланган биринчи давлат бюджети – 2026 йил бюджети лойиҳасини намойишлар туфайли қайтариб олган эди. Мухолифат партиялари ва турли ташкилотлар давлат харажатларини ошириш учун ижтимоий суғурта тўловлари ва дивидендлар солиғини кўтариш режаларига қарши чиқишган.

Ҳукуматнинг бюджетдан чекиниш қароридан кейин ҳам намойишлар тўхтамай давом этмоқда. Мамлакатда сўнгги тўрт йилда етти марта умуммиллий сайловлар ўтказилган (сўнггиси – 2024 йил октябрида). Бу сиёсий ва ижтимоий кескин бўлинишлар ортидан юзага келган вазиятдир.

Президент Румен Радев ҳам шу ҳафта бошида ҳукуматни истеъфога чиқишга чақирган эди. 11 декабрь куни у парламент аъзоларига Facebook орқали мурожаат қилди:

“Халқ овози ва мафиядан қўрқиш ўртасида майдонлардаги овозларга қулоқ солинг!” деб ёзди президент.

Болгария конституциясига кўра, ваколатлари чекланган Президент Радев энди парламентдаги партияларга янги ҳукумат тузиш имконини беради. Агар улар бунга эришолмаса, у вақтинчалик ҳукумат тузиб, янги сайловлар ўтказилгунига қадар мамлакатни бошқариб туради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг