Намангандан роҳиб ва роҳибаларнинг суяк қолдиқлари топилди
Жамият
−
04 Август 2022
14209Намангандаги археология объектидан роҳиб ва роҳибаларга тегишли суяк қолдиқлари, 50 дан ортиқ ўчоқ излари топилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, вазирлик томонидан Наманган вилояти Норин тумани ҳудудида жойлашган Учтепа-2 археология объектини очиқ осмон остидаги музейга айлантириш бўйича таклиф Вазирлар Маҳкамасига киритилиши режалаштирилмоқда. Ушбу объект академик Аҳмадали Асқаров томонидан очиб ўрганилган ва бир қатор тадқиқотлар ўтказилган.
Тадқиқотларга кўра, Учтепа-2 ўрнида қадимги Хайлам шаҳри оташпарастларининг ибодатхонаси жойлашгани аниқланган. Ибодатхона милодий VII-VIII асрларга қадар мавжуд бўлган. Қазишма ишлари вақтида роҳиб ва роҳибаларга тегишли суяк қолдиқлари, 50 дан ортиқ ўчоқ излари ҳамда сопол идиш синиқлари топилган.
“Учтепа-2 да ўтказилган археологик тадқиқотлар ибодатхона ёнғин натижасида вайрон бўлганини кўрсатди. Руҳонийларга тегишли экани тахмин қилинаётган жасад қолдиқларида эса ўткир тиғли қурол билан етказилган зарба излари топилди. Ушбу топилмалар ва ёнғин излари ибодатхонада жанг олиб борилганини кўрсатиб турибди”, дейилади расмий хабарда.
Қайд этилишича, ушбу тарихий объект келажак авлодга етиб бориши учун бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Учтепа-2 археология объекти консервация қилинган.
“Учтепа-2 археология объектининг девор ва том қисмларини иссиқ ва совуқдан сақлаш учун изоляция ишлари амалга оширилиши ва объектда доимий бир хил ҳароратни сақлаш мақсадида совутиш ва иситиш ускунаси ўрнатиш чоралари кўрилмоқда”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь