Наманганда ўқувчисини дўппослаган ўқитувчи бошқа болаларни ҳам калтаклагани маълум бўлди
Жамият
−
17 Октябрь 2022
11179Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги 58-сонли мактаб ўқитувчиси ўқувчисини калтаклаган видео ижтимоий тармоқларда норозиликларга сабаб бўлганди. Ушбу баҳсли видеонинг давоми ҳам эълон қилинди, унда педагог қолган болаларни ҳам урганини кўриш мумкин. Бу ҳақда “Замон” информацион-дастурида хабар берилди.
Қайд этилишича, Наманганнинг 58-сонли мактабида “География” фанидан дарс берувчи М.Э. видеонинг иккинчи қисмида синф доскаси ёнига гуруҳдаги ўғил болаларни чақириб, уларни ҳам дўппослаган.
Ўқитувчининг ўзи дастлаб тарқалган видеодаги ҳолатга муносабат билдириб, ўқувчи унга қўпол муомала қилганини айтди
“Мен уни тартибга чақираётган вақтимда менга нисбатан қўпол сўзлар айтиб жаҳлимни жиловлай олмаслигимга сабаб бўлди”, дейди ўқитувчи.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 октябрь куни Намангандаги мактабда ўқитувчи ўқувчисини аёвсиз дўппослагани акс этган видео тарқалди. Кейинроқ ҳолат жорий йилнинг 13 октябрь куни Давлатобод туманидаги 58-сонли умумтаълим мактабида кузатилгани маълум бўлди.
Ўқитувчи М.Э. ўзи синф раҳбарлик қилаётган ушбу мактабнинг 5-в синфига кириб, 2011 йилда туғилган ўқувчиси М.Х.нинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, баданининг турли жойларига қўллари билан уриб, унга тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шахар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси