Наманганда товуқларга зарар етказган итни чинорга осиб қўйган ўсмирларга суд ҳукми ўқилди

Жамият

image

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Чортоқ туманида бир гуруҳ мактаб ўқувчилари товуқларга зарар етказган итни чинорга осиб қўйгани акс этган видео тарқалганди. Кучукни қийноққа солганларга суд ҳукми ўқилди.

Маълум қилинишича, жорий йил 29 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман суди томонидан 2003 йилда туғилган С.О. ҳамда Н.А.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1891-моддаси 1-қисмига асосан иш ҳужжатлари кўрилиб, уларга нисбатан 2 миллион 450 минг сўмдан жарима жазоси тайинланган.

Вояга етмаганлар — 2008 йилда туғилган М.Н.нинг отаси О.Н ва 2009 йилда туғилган О.Р.нинг отаси Н.Р.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисмига асосан ҳужжатлар тўпланиб, Вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси томонидан уларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, яъни 245 минг сўм жарима жазоси белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 24 май куни Чортоқ тумани “Соҳибкор” МФЙ Навбаҳор кўчасида яшовчи, Чортоқ тумани ХТБга қарашли умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Ҳ.Ҳ. шу маҳаллада яшовчи 5-синф ўқувчиси З.Ш. билан биргаликда уйдаги товуқларига зарар етказган итни далага олиб бориб ташлаб келмоқчи бўлган. Вояга етмаганлар шу мақсадда итни ўзи билан бирга олиб кетиб, ўзлари содир этаётган ҳаракатларни ҳуқуқий оқибатини тушуниб етмасдан итни чинор дарахтига осган.  

Ушбу ҳолатни Чортоқ тумани “Ҳайрли” МФЙда яшовчи, 2003 йилда туғилган И.Б. видеога олиб, Telegram ижтимоий тармоғидаги “Синфдошлар” гуруҳига юборган. Жорий йилнинг 27 май куни ушбу видеони тумандаги мактабнинг 11-синф ўқувчиси А.Т. TikTok ижтимоий тармоғига жойлаштирган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

498

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг