Наманганда талаба имтиҳондан йиқилгани учун ўзини ёқиб юборди
3-саҳифа
−
14 Февраль 2023
17106Наманганда талаба имтиҳонларини топшира олмай, қайта топширишга қолгани учун ўзини ёқиб юборди. Оқибатда у вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Жорий йилнинг 10 февраль куни Фарғона вилоятида яшаган, Наманган муҳандислик қурилиш институтининг 3-босқич талабаси Х.Х. олийгоҳда 5 та фандан оралиқ имтиҳонларни топшира олмагани сабабли, қайта топширишга қолиб кетган.
Гуруҳ раҳбари талабанинг отасига қўнғироқ қилиб, ўғли юқоридаги 5 та фандан оралиқ имтиҳонларни топшира олмагани ҳақида огоҳлантирган.
Ўз навбатда ота ўғлига телефон орқали танбеҳ берган. Шундан сўнг, талаба Х.Х. руҳий тушкунликка тушиб, Янгиқўрғон тумани ҳудудидаги дала-адирлик майдонига бензин ёнилғисини олиб келиб, ўзини ёқиб юборган.
Х.Х.ни ёниб жароҳат олганини кўриб қолган фуқаролар унга ёрдам кўрсатиб, шифохонага олиб келган.
Тиббий маълумотга кўра, Х.Х.нинг баданида алангадан танасининг 50 фоиз қисмида чуқур куйиш жароҳатлари мавжудлиги кўрсатилган.
Шифокорлар томонидан кўрсатилган тез-тиббий муолажаларга қарамасдан, у кеча, 13 февраль куни шифохонада вафот этган.
Шу куни Янгиқўрғон туман прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодекснинг 103-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси