Наманганда Сhangan бренди остида кичик юк машиналари ишлаб чиқарилади
Жамият
−
22 Июль 2020
7592Наманган вилоятининг Чуст тумани ҳудудида жойлашган “Наманган” эркин иқтисодий зонасида Хитойнинг Сhangan бренди остида кичик юк автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Хитойнинг Сhangan брендига мансуб кичик юк автомобилларини ишлаб чиқариш “Хориждаги ватандошлар” лойиҳаси доирасида амалга оширилади. Ишлаб чиқаришга сўнгги 10 йил давомида Бирлашган Араб Амирликларининг Ажман шаҳрида истиқомат қилиб келаётган асли наманганлик тадбиркор Жобирхон Ҳомидов томонидан 800 минг доллар, 2 миллион доллар хорижий инвесторлар улуши ва 3 миллион доллар банк кредити, жами 5,8 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилмоқда.
Namangan Сhangan Motors МЧЖ томонидан лойиҳанинг биринчи босқичида йилига 1800 та 1-1,5 тонна юк кўтарадиган 4 хил русумдаги автомобиллар ишлаб чиқарилади ва 120 киши иш билан таъминланади. Кейинги 3 йил давомида маҳаллийлаштиришни 50 фоизгача етказиш ва маҳсулотнинг учдан бир қисмини БАА ҳамда Марказий Осиё давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилган.
Тадбиркорнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг ўзида йилига 20 мингтагача шундай русумдаги автомобилларга эҳтиёж мавжуд. Яқин ва узоқ хориж бозорлари инобатга олинадиган бўлса, ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш имкониятларини чамалаш мумкин бўлади.
“Namangan Сhangan Motors томонидан ишлаб чиқариладиган автомобилларга ҳозирнинг ўзида талаб ва харидорлар етарли эканлиги кишини қувонтиради. Келгусида бу ерда эҳтиёт қисмлар тайёрланадиган бошқа корхоналар ҳам пайдо бўлиши ва яхлит мажмуа юзага келиши айни муддао бўлади”, деди лойиҳага бағишлаб ўтказилган маросимда қатнашган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.
Корхонада 2021 йилнинг биринчи чорагида илк автомобиллар ишлаб чиқарилиши бошланиши кутилмоқда.
Аввалроқ, Ўзбекистонда TARLON (4х4) русумли енгил зирҳли автомобилнинг (ЕЗА) тажриба намунаси ишлаб чиқарилаётгани айтилганди.
LiveБарчаси