Наманганда қизчани келинойиси нега каналга чўктириб, ўлдиргани аниқланди
Жамият
−
14 Апрель 2021
53269Аввалроқ, Намангандаги каналдан 5-синфда ўқийдиган қизнинг жасади топилгани, уни сувга келинойиси итариб юборгани ҳақида хабар берган эдик.
Олиб борилган тергов-суриштирув ишлари давомида қизалоқни амакисининг хотини нима мақсадда итариб юборгани аниқланди. "Zamon" информацион кўрсатувида ўқувчи қизнинг нега итариб юборилганига ойдинлик киритилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 5 апрель куни Чортоқ туманидаги 47-мактабнинг 5-синфида ўқийдиган Маърифатни амакисининг хотини дарси тугамасданоқ олиб кетган. У қизалоқни Чортоқ туманидан оқиб ўтувчи катта Наманган каналига олиб бориб, итариб юборган.
22 ёшли келин аввалроқ оилада ўғрилик қилган ва шу сабабли оилавий келишмовчилик келиб чиққан. Бу ҳақида унинг қайнонаси гапириб берган:
"Келинларим ўртасида гап-сўз, жанжал бўлмаган. У келинимни ўғлим билан алоҳида чиқарган эдик. Аввалроқ ўша келиним ўғрилик қилиб қўлга тушди, шундан кейин ўғлим "мен ўғри аёл билан яшамайман", деб ажрашмоқчи бўлди. Биз кечир уни бир сафар десак ҳам, у билан ортиқ яшашни хоҳламади. Натижада шундан ғазабланган келин неварамни чўктириб, аламини олган".
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Абдурашидова Юлдуз
LiveБарчаси