Наманганда қадимий қувурлар топилди (фото)

Жамият

image

Наманган вилоятидаги 100 гектарга яқин қисми бутун сақланган Ахсикент ёдгорлигида қадимий ашёлар топилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Ахсикентда XI қазув объектидан сўнгги эллик йилдаги энг нодир топилмалар аниқланган. Археологлар траншея қазиш жараёнида кенглиги 2,3 метрлик зинапояга дуч келган. Ер туби томон тўрт метр қазилганда сирли йўлакнинг бус-бутун аркаларига дуч келинган.

Бу ердан 10 минг кубометр тупроқ чиқарилгач, йўлакнинг 12 поғонаси очилган. Айнан шу нуқтадан етти метр шарқда қадимшунослар яна иккита ноёб ерости йўлларига дуч келган. Тахминларга кўра, ҳар икки аркасимон йўлак, дастлабки топилган катта йўлга боғланади. Барча йўлаклар бутун, аркасимон ҳолда, метро услубида нафислик билан пишиқ ғиштдан бунёд этилган.

Ҳозирда итальянча дея таърифланган раковина, ерости, пол ости иситиш тизими, нафис сопол қувурлари билан бутун ҳолатда топилган қўл ювиш воситалари ҳам айнан шу объектдан 2024 йилги қазувлар жараёнида топилган.

“Бу объектнинг устини октябрь ойида узил-кесил ёпишимиз керак. Агар қурувчилар бунга улгуришмаса, яна тупроқ ташлаб консервация қилишимизга тўғри келади. Объект ўта ноёб”, дейди Ахсикент экспедицияси раҳбари, профессор Абдулҳамид Анорбоев.

Ҳозирда музлаштирилаётган қисмлар қуйидагилардан иборат:

XVIII қазув объекти — X−XII асрларда фаолият юритган ер ости сув иншоотининг кузатув пункти, биринчи шаҳристоннинг XIII асрнинг бошларига оид Хоразмшоҳлар даврида қурилган мудофаа девори ва турар жой қолдиқлари;

XI қазув объекти — XI−XII асрларга оид пишиқ ғиштдан қурилган гумбазли тагхона ва маҳобатли турар жой қолдиқлари, Фарғона водийсида илк бор топилган қорахонийлар даври деворий расм намуналари ҳамда юқорида қайд этилган ерости иншоотлари ва нодир қурилмалар мавжуд;

XIX қазув объекти — шаҳарнинг эрамиздан аввалги III−I асрларда қурилган маҳобатли мудофаа деворлари ва ерости сув йўли;

XXIV қазув объекти — XI−XII асрларга оид маҳобатли тураржой қолдиқлари аниқланган.

Ҳокимлик матбуот хизмати ёдгорлик ва ундаги сўнгги топилмалар ҳақида National Geographic ҳужжатли фильм суратга олишини маълум қилди.

Маълумот учун, Ахсикент ёдгорлиги қадимий шаҳар харобаси Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоғи ҳудудида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган. Тарихий маълумотларга қараганда, Ахсикат шаҳри милоддан аввалги III−II асрларда вужудга келган, IX−X асрларда Фарғона водийсининг пойтахти бўлган. 1219 йил мўғуллар томонидан бутунлай вайрон қилинган. Унинг эски ўрнидан 5−7 км ғарбда бунёд этилган янги шаҳар Ахси XIV−XVII асрларга оиддир.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган қадимий қувурлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made