Наманганда аёл қорнидан тиббий дока ва резина қўлқоп топилдими?
Жамият
−
14 Август
6809Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Наманганда кесарча кесиш амалиёти ўтказилган аёл қорнида тиббий дока ва резина қўлқоп қолиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олиниб, вазиятга аниқлик киритиш мақсадида тегишли ишчи гуруҳ Наманган вилоятига юборилган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош акушер-гинекологи, тиббиёт фанлари доктори Л.Абдуллаева бошчилигидаги малакали мутахассислар гуруҳи томонидан дастлабки ўрганишлар олиб борилган.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 11 май куни соат чамаси 09:00 ларда Чортоқ туманида яшовчи 33 ёшли фуқаро Б.У. туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига тиббий кўрикдан ўтиш мақсадида келган.
Ўтказилган дастлабки тиббий текширувлардан сўнг аёлга “3-Ҳомиладорлик. 39-ҳафта, 3 кун. Бачадон чандиғи. Камқонлик ўрта даражаси. ААА (2 марта кесар кесиш)” ташхиси қўйилиб, туғуруқхонага ётқизилган. Шундан сўнг бемор ҳолати ҳақида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган вилоят филиалига хабар берилиб, даволаш жараёнлари учун мазкур муассасадан мутахассис чақирилган.
“Шу куни соат чамаси 15:40 ларда тиббий кўрсатмага мувофиқ аёлда филиал гинекология бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Т.Абдукаримов ва туғуруқхона бўлими мудири Х.Абидова томонидан кесарча кесиш амалиёти бажарилган. Жарроҳлик жараёни санитария қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ва тегишли стандартлар асосида амалга оширилган”, дейилади хабарда.
Операция давомида аёл розилиги билан ИЖК (ихтиёрий жарроҳлик контрацепцияси) қилинган. Амалиёт асоратсиз ўтган. Бироқ аёлнинг ҳомиласи бактериал ва вирусли инфекция туфайли антенатал даврда вафот этган. Анамнезига кўра, бемор ҳомиладорлик даврида камсувлик, 2-3 марта ЎРВИ ва ўткир сийдик йўллари инфекциясига қарши даволанган.
Оила аъзолари томонидан суд-тиббий экспертизасидан ўтказиш ёзма равишда рад этилгани сабабли марҳумнинг жасади туғуруқхона мудираси томонидан уйига бериб юборилган. Шу боис мазкур ҳолат юзасидан туғуруқхона бўлими мудири Х.Абидовага нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган.
“Жарроҳликдан сўнг беморнинг бачадони доим тоза бўлган, бир неча марта УТТ текшируви ўтказилган. Ундан кейин аёл ўткир замбуруғли кольпит билан уй шароитида мустақил даволанган. Яъни ўзбошимчалик билан замбуруғга қарши тиббий шамчалар ва дока тампондан фойдаланган.
Сўнгги ойларда бемор соғлигининг ёмонлашишига айнан ўткир замбуруғли кольпит билан касалланиши, сийдик йўллари инфекциясининг такрорланиши ва лактация қайталаниши биргаликда кечгани сабаб бўлган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ишчи гуруҳи томонидан ижтимоий тармоқларда аёл қорнида тиббий дока ва резина қўлқоп қолиб кетгани ҳақида тарқалган хабарлар мутлақо асоссиз экани айтилган.
LiveБарчаси