Наманган шаҳри таркибида яна бир туман ташкил этилади
Жамият
−
05 Март 2021
10652Наманган шаҳри таркибида яна бир туман — Янги Наманган тумани ташкил этилади. Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят кенгашининг бугун, 5 март куни бўлиб ўтган йигирма биринчи сессиясида сўз борди.
Сессия кун тартибига халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг жорий йил 4 мартдаги вилоят марказидаги айрим фуқаролар йиғинлари ҳудудларини янги ташкил этилаётган Янги Наманган туманига ўтказиш ҳақида қарорини тасдиқлаш масаласи киритилди.
Сессияда маъруза қилган вилоят ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султоновнинг билдиришича, вилоят ҳудудида бошқарувни тизимли йўлга қўйиш, аҳоли учун ижтимоий ва маиший қулайликлар яратиш ҳамда Наманган шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун шундай таклиф киритилмоқда.
Янги ташкил этилаётган туманнинг умумий ер майдони 8223 гектарни ташкил этади. Таркибига шаҳардаги 24 та — “Мингтерак”, “Бунёдкор”, “Мустақилликнинг 5 йиллиги”, “Ахсикент”, “Машраб”, “Маънавият”, “Фурқат”, “Гулистон”, “Беруний”, “Мингчинор”, “Тинчлик”, “Ёшлик”, “Оромгоҳ”, “Атанган гузар”, “Янги замин”, “Меҳнатобод”, “Сиҳатгоҳ”, “Гўзал”, “Чаманзор”, “Ишонч”, “Шербулоқ”, “Келажак тонги”, “Соҳил” ва “Истиқбол” маҳаллалари ҳудудини ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Ушбу маҳаллаларда бугунги кунда 145 минг киши истиқомат қилмоқда.
Сессияда таъкидланишича, Янги Наманган тумани ташкил қилиниши муносабати билан алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Мавжуд “Пахталиккўл” кичик саноат зонасидан ташқари яна учта — “Ёшлик”, “Машад” ва “Бунёдкор” кичик саноат зоналари ташкил этилади. Уларда умумий қиймати 245 миллиард сўмлик 60 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 2600 та янги иш ўринлари яратилади.
Депутатлар Наманган шаҳри таркибида янги туманни ташкил этиш ҳақидаги қарорни маъқуллади. Энди бу таклиф кўриб чиқиш учун Олий Мажлисга юборилади. Парламент палаталари розилиги олинганидан сўнг эса халқ депутатлари вилоят кенгаши сессияси муҳокамасига киритилади.