Нафас олиш аъзолари касалликлари кимларда кўпроқ учрайди?

Интервью

image

Пандемия шуни кўрсатмоқдаки, нафас органлари касалликка мойил кишилар ўз соғликларига жиддий эътибор қаратишлари керак бўлмоқда. Шундай беморлар унинг профилактикаси, ташхиси ва ушбу касалликдан самарали даволаниш учун нималарга эътибор беришлари керак?

Шу каби саволларга Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт  маркази диагностика бўлими шифокори, олий тоифали пульмонолог Хайрулло Ражабов жавоб берди.

— Нафас олиш тизими билан боғлиқ касалликлар унчалик хавфли кўринмаса-да, аслида ўлим хавфи жуда юқори касалликлар гуруҳига киради...

— Аслида хавфсиз касалликнинг ўзи йўқ. Ҳозирги пайтда аҳоли орасида учрайдиган нафас аъзолари касалликларининг асосий  қисмини бронхиал астма, сурункали обструктив ўпка касаллиги ва пневмония ташкил килади. 

Масалан, дунё статистикаси буйича бронхиал астма касаллиги аҳоли орасида ўртача 5 фоиз ҳолларда учрайди, бу кўрсатгич болалар орасида янада кўпроқ учраб, ўртача 10 фоизни ташкил қилади. Сурункали обструктив ўпка касаллиги дунё бўйича касалланиш ва ўлим кўрсаткичларининг асосий сабабларидан бирига айланиб бормокда. 

Бу ўз ўрнида  иқтисодий ва ижтимоий муоаммоларни юзага келтиради. Инфекцион касалликлар орасида ўлим сабаблари кўрсаткичи бўйича пневмония биринчи ўринни ва умумий ўлим кўрсаткичи сабаблари бўйича олтинчи ўринни эгаллайди. 

— Ўзбекистон кескин континентал иқлим минтақасига киради. Айниқса, Орол фожиаси, сўнгги йиллардаги иқлимий ўзгаришлар минтақа аҳолисининг нафас олиш органлари касалланишлари даражасини ошириб юборди...

— Тўғри, юртимизда аҳоли орасида касалланишлар кўрсаткичи бўйича нафас аъзолари касалликлари юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Нафас аъзолари касалликлари ўлим сабаби кўрсаткичи буйича бешинчи ўринни,  болалар орасида эса иккинчи ўринни эгаллайди. 

Нафас аъзолари касалликлари орасида катта муаммоларга сабаб бўлувчи яна бир нечта касалликлар бор. Буларга ўпканинг интерстициал касалликлари, муковисцидоз, нафас етишмовчилиги,  уйқу апноэ синдроми,  ўпка сили ва юкори нафас аъзолари касалликлари киради.

— Юртдошларимизни энг кўп қийнайдиган нафас олиш билан боғлиқ касаллик —бронхиал астма бўлса керак. Бу касалликка чалинмаслик ва ундан самарали даволаниш учун нималарга эътибор бериш керак?

— Бронхиал астма, тиббиёт тили билан айтганда, гиперреактивлик билан намоён бўлувчи нафас аъзоларининг сурункали яллиғланишидир. Бу сурункали яллиғланиш жараёнида, асосан, семиз ҳужайралар, эозинофиллар ва Т-лимфоцитлар иштирок этади.

Бронхиал астма қурук йўтал, нафас қисиш хуружлари, ҳансираш,  кўкракда оғирлик ҳиссининг пайдо бўлиши каби симптомлар билан намоён бўлади, бу ҳолатлар, асосан, тунда ёки эрталаб саҳарда кузатилади. Бу  ҳолатлар кўпинча дори таъсирида орқага қайтиши мумкин. Бу касалликни  қуйидаги омиллар келтириб чиқаради:

•    генетик мойиллик, атопия, нафас йўллари гиперреактивлиги;
•    ташқи ва уй аллергенлари (чанг, уй чанглари, ўсимликлар чанглари, уй ҳайвонлари жуни), чекиш, респиратор инфекциялар, паразитар инвазия  ва айрим озиқ-овқат ва дори воситалари.

Бронхиал астманинг қандай  кечиши унинг ўз вақтида аниқланишига боғлиқ. Агар касаллик ўз вақтида аниқланиб, бемор шифокор кўрсатмаларига тўғри амал қилса, яъни асосий даволаш жараёнларига эътиборли бўлса, касалликни тўлиқ назорат қилиш мумкин. Бу эса бемор ҳаёт тарзини яхшилайди ва  касаллик аломатларининг узоқ муддатга заифлашувига сабаб бўлади...


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1288

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг