MY5'да нима гаплар? Телеканал қайта жонланадими? 

Бизнес

photo_2022-03-18_17-43-41

MY5 – Ўзбекистондаги энг оммабоп телеканаллардан бири. “Марказий студия”, “Амирхон Умаров шоуси” ва бир қатор лойиҳалари билан катта аудитория тўплай олган. Лекин бошқа рақобатчи каналларнинг тез ривожланиб бориши натижасида сўнгги пайтларда унинг рейтинги анча пастлади. Дастлабки йилларида энг юқори натижаларни кўрсатган телеканал 2021 йил охирига келиб, Ўзбекистондаги каналлар рейтингида 5-6-ўринда ҳам кўриниб қолди.

Жорий йил бошида телеканал Бош директори алмашди. Эски янги раҳбар (Қ.Ахмедов 2018-2020 йилларда ҳам телеканалга раҳбарлик қилган) бошчилигидаги ижодий жамоа MY5 даги вазиятни ўзгартира оладими ёки йўқ – буни, албатта, вақт кўрсатади. Телеканал келажаги бугун амалга оширилаётган ишларга боғлиқ.

Qalampir.uz таҳририяти канал Бош директори Қобулжон Аҳмедов билан MY5 да айни пайтда амалга оширилаётган ўзгаришлар, киритилаётган янгиликлар ҳақида суҳбатлашди.

– Қобулжон ака, биласиз, ҳар бир телеканалнинг ўз йўналиши ва мақсади бор. Шу билан бирга, каналлар давлат томонидан ёки хусусий сектор томонидан бошқарилади. Сиз раҳбарлик қилаётган “Менинг юртим” телеканалининг ҳақиқий эгаси ким? Телеканал фаолиятининг мақсади нималардан иборат?

– “Менинг юртим” телеканалининг муассислари – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (кўпчилик НАЭСМИ сифатида билади). Яъни икки нодавлат нотижорат ташкилот. Телеканал тўлиқ давлат тассарруфида ҳам эмас, хусусий деб атаб ҳам бўлмайди. Телеканал мақсади эса – ёшларга оид давлат сиёсатини тарғиб қилиш, уларга мос телемаҳсулотлар тайёрлашга қаратилган. Биз, асосан, ёшлар аудиторияси учун ишлаймиз.

– Демак, телеканалга нодавлат-нотижорат ташкилотлар томонидан асос солинган. Унинг молиялаштирилиши ҳам таъсисчи ташкилотлар томонидан амалга ошириладими ёки давлат бюджетидан пул ажратиладими?

– Йўқ, MY5 тўлиқ ўзини-ўзи молиялаштиради. Шунинг учун ҳам сиёсатдан ташқари биз рақобатбардош телемаҳсулотлар ва сериаллар ишлаб чиқаришга, рекламалар орқали ўзимизни моддий таъминлашга ҳаракат қиламиз.

– Бугун хусусий телеканаллар орасида рақобат анча кучли. MY5 ҳам 8 йилдан бери хусусий каналлар қаторида баравар фаолият юритди. Лекин сўнгги пайтларда унинг рейтинги пастлаганини кўряпмиз. Канал рейтингини кўтариш учун қандайдир режалар ишлаб чиқилганми?

– Ҳозирда канал рейтингини кўтариш учун етакчи мутахассислар биргаликда иш олиб борилмоқда. Эфир сеткаси тўлиқ қайта кўриб чиқилди, айрим лойиҳалар эфирдан олиб ташланди. Кунлик дастурлар такомиллаштирилиб, уларнинг сони ва сифатига катта эътибор қаратиляпти. Бундан ташқари, янги мавсум учун 10 дан ортиқ янги лойиҳа ва сериалларни эфирга узатишни мақсад қилганмиз. Барча сирни очиш ниятим йўқ, лекин апрель ойидан бошлаб бор куч-ғайратимизни телетомошабинлар эътиборини қозонишга сафарбар қилишимизни айта оламан.

–  Ўзбекистонда ёшлар ҳаётини ёритиб борувчи бошқа телеканаллар ҳам бор. MY5 улардан қайси жиҳатига кўра ажралиб туради?

–  Бу борада телеканалнинг ўз йўналиши бор. Биз давлат сиёсатини ноанъанавий, замонавий форматда ёритиб борамиз. Масалан, 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб номланди. MY5 янги мавсумда айнан маҳалла билан боғлиқ бир қанча янги лойиҳаларга қўл урган. Хусусан, “Ён қўшним – жон қўшним” дастури ёнма-ён яшайдиган иккита хонадоннинг ўзаро қўшничилик алоқалари билан боғлиқ. “Тўй бўлсин” кўрсатуви эса турли ҳудудларнинг ўзига хос удумлари ва урф-одатларига бағишланган. Бундан ташқари, “Маҳалла марафони” деб номланган дастур ҳам бор. Унда маҳалла ёшлари 10 дан ортиқ соҳа мутахассислари билан биргаликда тажриба синов тариқасида иш олиб боришади.

– Фақатгина ёшлар мавзуси билан ёки маҳалла ҳаётига боғлиқ кўрсатув билан бошқа рақабоқатчи телеканалларни “синдириш” мумкинми?

– Биз 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳоли қатлами учун ишлаймиз. Янги мавсумда болалар учун ҳам, катта ёшдаги инсонлар учун ҳам кўрсатувлар режаси ишлаб чиқилган. Масалан, ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларида кичик ёшдагилар учун “Шўх болалар” номли ҳажвий дастур эфирга узатилади. Шунингдек, “Беланчак” ва Яна ёшмандеб номланган кўрсатувлар тайёрланмоқда. “Беланчак” кўрсатувида узоқ йиллардан бери фарзанд кўролмаётган оилаларга кўмак берилса, “Яна ёшман” лойиҳасида профессионал шифокорлар томонидан аёл-қизларга кўрсатилган тиббий муолажа ва жарроҳлик амалиёти жонли тарзда намойиш этиб борилади. Қолаверса, аёллар муҳокамасидаги мавзуларга оид аёллар ток-шоуси ҳам кунлик дастурлар режасига киритилган.

– Ҳозирги кунда телеканаллар орқали эфирга узатилаётган сериаллар мавзуси, ундаги воқеалар ривожи деярли бир хил. Томошабинлар сериалнинг бир-иккита қисмини кўриб, фильмнинг қандай якунланиши ҳақида хулоса чиқарадиган даражага етган. MY5 телеканалида сериаллар савиясига қай даражада эътибор қаратиляпти?

– Янги сериалларнинг ҳар бири аниқ бир ғоя асосида ва бир мақсадга йўналтирилган ҳолда суратга олинмоқда. Яқин кунларда эфирга узатиладиган “Қўлимдан тут” миллий сериали мактаб ўқувчилари ва устозлар мавзусига бағишланган бўлса, “Паризод” сериали 5 нафар меҳнаткаш опа-сингиллар тақдири ҳақида ҳикоя қилади. “Нафс” номли яна бир сериалимиз жамиятдаги турли иллатларга қарши курашишга қаратилган. Бундан ташқари, Моҳи Рамазон ойида мухлислар учун кўплаб совғалар тайёрлаганмиз. Янгича форматдаги “Ибрат” маънавий-маърифий дастури, тарбиявий аҳамиятга эга “Буни ҳаёт дейдилар”, “Ҳаёт давом этар” теленовеллалари ва яна кўплаб янги маҳсулотлар намойиш этилади.

– Телеканалда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилганми?

– Ҳа, албатта. Биз ёшларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, уларга мос контент яратишга ҳаракат қиламиз. “Беш кетдим” номли янги интерактив лойиҳада ҳар бир ёш иштирок этиб, ўз билимларини синовдан ўтказиши мумкин. Унда турли соҳаларга оид савол-жавоблар бўлади. Ғолибларга махсус совғалар ажратилади. Бизнес бошламоқчи бўлган йигит-қизларимиз учун ҳам янгилик бор. Телеканалда яқин орада тадбиркорликка оид  реалити шоу эфирга узатилади. Айнан шу дастур орқали ёш тадбиркорлар ўз фаолиятида йўл қўяётган хато-камчиликлар ҳақида билиб олади.

– Режалар яхши, лекин натижа муҳимроқ. Телеканал рейтингини кўтариш учун қилаётган ҳаракатларингиз ҳосилини қачон кўрсак бўлади?

– Биз ижодий жамоа билан биргаликда уч ойда рейтингни юқорига кўтариш ниятидамиз. Яратган куч-қувват бериб турса, томошабинлар дуоси ва телеканал оиласининг шижоати билан кўзлаганимизга эришамиз. Кириб келаётган Наврўз айёми барчага муборак бўлсин.

Жавоҳирбек Турсунов
 

Ҳамкорлик асосида


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

233

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made