Мужтабо Хоманаийнинг соғлиғи ҳақида маълумот берилди
Олам
−
10 Май 7593 2 дақиқа
Эроннинг янги Олий раҳнамоси Мужтабо Хоманаий АҚШ ва Исроилнинг ҳаво ҳужуми оқибатида тиззаси ва белидан жароҳат олган, шунингдек қулоғи орқа қисмидан кесилган. Бу ҳақда “Al Araby” хабар берди.
Эроннинг янги раҳбари 28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига қарши қўшма ҳарбий операцияни бошлаган пайтда жароҳат олган. Ўша ҳужумда унинг отаси – Эрон раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ва турмуш ўртоғи ҳалок бўлгани айтилган.
Эрон расмийсининг сўзларига кўра, портлаш тўлқини оқибатида Мужтабо Хоманаий ерга йиқилиб тушган ва тиззаси ҳамда белидан жароҳат олган. Бундан ташқари, қулоғи орқа қисмида кичик кесик пайдо бўлган. Белдаги жароҳат аллақачон тузалган, тизза эса тез орада тўлиқ соғайиши кутилмоқда. Қулоғи орқасидаги кичик кесик эса салласи сабаб кўринмайди.
Расмийлар Хоманаийнинг соғлиғи бўйича хавотирга ўрин йўқлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “душман томони Олий раҳнамо ҳақида маълумот ёки ёзувларни қўлга киритиб, унга зарба беришга уринмоқда”.
Қайд этиш жоиз, бу Эрон ҳукумати янги Олий раҳнамо олган жароҳатлар тафсилотларини илк бор расман ошкор қилаётган ҳолат ҳисобланади.
Хоманаий отаси ҳалок бўлганидан кейин Олий раҳнамо лавозимини эгаллаган. Шундан сўнг АҚШ уни ва бошқа муҳим амалдорларни топишга ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг собиқ олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг урушнинг биринчи кунида ўлдирилиши мамлакатда янги тартиб ўрнатилишига олиб келгани, бу тартибда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси устунлик қилаётгани, унинг вориси бўлган Мужтабо Хоманаийнинг роли эса фақат қарорларни легитимлаштириш (расмийлаштириш) билан чекланиб қолаётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси