Мужтабо Хоманаий жароҳат олгани рад этилди
Олам
−
11 Март 3267 2 дақиқа
Эрон Президенти Масъуд Пезешкиённинг ўғли ва маслаҳатчиси Юсуф Пезешкиён мамлакатнинг янги Олий раҳбари Мужтабо Хоманаийнинг жароҳат олгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда у бугун, 11 март куни ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Пезешкиённинг айтишича, айрим нашрларда Хоманаий яралангани ҳақида хабарлар тарқалган. Давлат раҳбарининг ўғли Олий раҳбарнинг соғлиғи ҳақидаги миш-мишларга аниқлик киритишга ҳаракат қилган.
“Мен жаноб Мужтабо Хоманаий жароҳат олгани ҳақидаги хабарларни эшитдим. Шундан сўнг танишларим ва яқинларим билан боғланиб, вазиятни сўрадим. Худога шукур, у соғлом, ҳеч қандай муаммо йўқ”, дейди Юсуф Пезешкиён.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Эрон Олий раҳбари гўёки жароҳат олгани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар тарқалган. Расмий манбалар эса бу хабарларни инкор этиб, Хоманаийнинг соғлиги яхши эканини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мужтабо Хоманаий яқинда Эрон Ислом Республикасининг Олий раҳбари лавозимини эгаллаган эди. У мамлакат сиёсий ва диний тизимида энг юқори раҳбар ҳисобланади ва давлатнинг асосий стратегик қарорларида муҳим роль ўйнайди.
Али Хоманаий 28 февраль куни Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси давомида Исроил авиазарбаси оқибатида ўлдирилган эди. Бугун, 9 март куни Эрон нашрлари Мужтабо Хоманаий янги олий раҳбар бўлганини эълон қилди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси унга содиқлик қасамини ичди, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён эса Мужтабо Хоманаийнинг тайинланишини “ислом миллатининг миллий бирликни мустаҳкамлашга бўлган интилиши ифодаси” деб атади.