ТИВ “Толибон” раҳбари билан музокаралар тафсилотини маълум қилди
Жамият
−
05 Март 2019
8567Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида “Толибон” ҳаракатининг сиёсий офиси раҳбари Бародар Охунд билан учрашгани ҳақида хабар берган эдик.
ТИВ Доҳа шаҳрида ўтган учрашув ҳақида мълумот берди.
Унда айтилишича, Мулла Бародар Охунд Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашишга қаратилган сиёсатини юқори баҳолаган. У ўтган йилнинг март ойида ўтказилган ҳамда афғон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларнинг фаоллашишига кучли туртки берган Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси аҳамияти ва якунларини ҳам алоҳида таъкидлаган.
Бундан ташқари, “Толибон” ҳаракати раҳбарияти вакили транспорт, энергетика ва таълим соҳаларидаги муҳим иқтисодий лойиҳаларни Афғонистонда амалга ошириш бўйича Ўзбекистон ташаббусларини ижобий баҳолаган.
Унинг алоҳида қайд этишича, Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган йирик инфратузилма лойиҳалари нафақат Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига, балки мамлакатда тўла қонли сиёсий жараён бошланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади. Натижада Афғонистон келажакда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида “ишонч ва ҳамкорлик кўприги” бўлиши мумкин.
Мулла Бародар Афғонистонда тинчлик жараёнини янада тараққий эттириш борасида Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини маълум қилган.
LiveБарчаси