Муштумзўр ота-оналардан фарзандини олиб қўйиш таклиф қилинди
Жамият
−
18 Июнь 2022
8269Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Алия Янусова Ўзбекистонда болаларга нисбатан шафқатсиз муносабат ва ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш каби ҳолатлар ортиб бораётганидан хавотир билдириб, ота-оналар ўз фарзандларига зўравонлик қилган тақдирда жамоатчилик назорати ўрнатилиб, болани улардан олиб қўйишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда у ўз баёнотида сўз очган.
Сўзи аввалида куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган видео – Самарқанд вилоятидаги шифохоналардан бирида она ўз фарзандини аямай ураётганига баҳо берган.
“Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти шифохоналаридан бирида содир бўлган воқеа, яъни она ўз касалманд боласини аёвсиз калтаклаётгани тасвирланган видео барчани ларзага солди. Бу бизга маълум бўлган ҳолатлардан бири халос. Лекин, тўрт девор орасида яширинча содир бўлаётган ҳолатлар ҳам бор эканини барчамиз биламиз. Афсуски, жамиятда бефарқлик кайфиятининг борлиги сабаб, болаларга нисбатан қилинаётган зўравонлик ҳолатларига қўл силтаб, “менга нима” қабилида иш кўрадиганлар ҳам йўқ эмас.
Мазкур Самарқанд вилоятидаги шифохонада содир бўлган ҳолатни олсак, палатада она боладан ташқари камида икки нафар шахс бор эди. Уларнинг шовқинини касалхона ходимлари ва шифокорлар эшитишмадими? Нега дарҳол болани она қўлидан тортиб олиб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига мурожаат қилинмади?”, дейди Болалар омбудсмани.
У БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвeнциясининг 19-моддасида иштирокчи-давлатлар болани жисмоний ва руҳий зўравонликнинг, ҳақоратлаш ва суиистеъмолликлар, ғамхўрлик кўрсатмаслик ёки бепарволик билан муомалада бўлиш, қўпол муомала қилиш ёки ота-она, қонуний васийлар ёки бола ҳақида ғамхўрлик қилувчи ҳар қандай бошқа шахс томонидан эксплуатация қилиш, жумладан, шаҳвоний суиистеъмолликлар содир этишнинг ҳар қандай шаклларидан ҳимоялаш мақсадида жамики зарур қонуний, маъмурий, ижтимоий ва маърифий чора-тадбирларни кўриши кераклигини эслатган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 10-11 моддаларига мувофиқ, давлат болани зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан ҳимоя қилинишини амалга оширишини қўшимча қилган.
Юнусованинг қайд этишича, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилади.
“Бола ота-она ва ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қилинадиган суиистеъмолчиликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганидан, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола ҳақиқатда турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилишлари шарт. Шундай маълумотлар олинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт.
Амалдаги қонунчиликда шунча нормалар бўлишига қарамай болалар барибир азият чекишяпти. "Ота-оналар"нинг зўравонликка йўл қўйиши, фарзандига нисбатан қўпол ва шафқатсиз муомала қилишлари – кечириб бўлмас хато. Ҳар бир киши қонунлар билан белгиланган масъулиятини ва мажбуриятини зиммасига олишга ва уни бажаришга мажбур.
Акс холда давлат болаларни зўравонлик ва куч билан “тарбиялайдиган” ота-оналардан фарзандини олиб қўйиш механизмини ишлаб чиқишга мажбур бўлади. Болалар озор чекмаслиги учун Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ушбу таклифни илгари суради ва буни тўғри деб ҳисоблайди”, дейди болалар ҳуқуқлари фаоли.
Эслатиб ўтамиз, жорий ҳафтада ижтимоий тармоқларда бир аёл чақалоғини ухламагани учун аёвсиз калтаклагани акст этган видео тарқалганди. Аниқланишича, воқеа жорий йилнинг 14 июнь куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманида содир бўлган.
Туманнинг “Бошқўрғон” МФЙда турмуш ўртоғи билан яшаб келаётган 1988 йилда таваллуд топган, руҳий соғлом аёл 2020 йилда туғилган фарзандини даволатиш учун шифохонага олиб борганда у ерда стресс ва асабий ҳолатда фарзандини урган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми "а, в" бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь