Муса Ерниязов 50 йиллик меҳнат фаолиятида бошидан жуда кўп азоб-уқубатларни ўтказган – Мирзиёев
Жамият
−
02 Август 2020
12473Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 август куни Нукус шаҳрида бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасига 18 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Жўқорғи Кенгес раиси Муса Ерниязов қабрини зиёрат қилди. Сўнг Ўзбекистон Қаҳрамони вафоти муносабати билан ташкил этилган таъзия маросимида нутқ сўзлади. Президент Муса Тажетдиновични эслаб шундай деди:
“Қорақалпоқ элининг, бутун Ўзбекистон халқининг бошига оғир мусибат тушди. Мана шу чексиз қайғули дамларда авваломбор Муса Тажетдиновичнинг турмуш ўртоғи Омонгулди опага, оила аъзоларига, ёр-биродарларига, барча Қорақалпоғистон аҳлига шахсан ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур таъзия билдирмоқчиман.
Муса оғанинг ҳеч қачон қийинчиликлардан қўрқмаслиги, вазминлиги, бағрикенглигига ҳар сафар қойил қолардим. Бу нафақат менинг, балки бу ажойиб инсон билан сафдош бўлган, ҳамкорлик қилган барча инсонларнинг фикри десак тўғри бўлади.
Муса Тажетдинович қачон гаплашмасам энг муҳим масалаларни кўнгдаланг қўйишни биларди.
Қорақалпоқ заминида, мислсиз Орол ҳалокати юз берган бир ўлкада яшаб, меҳнат қилиш бу ҳақиқий қаҳрамонлик. Муса Ерниязов ана шундай қаҳрамон халқнинг қаҳрамон раҳбари эди.
Барчамиз учун қадрли инсон Муса Тажетдинович ҳаётида ўзидан яхши ном, яхши из қолдирди. “Юрт учун фидо бўлиш ўлим эмас, аслида, қайта туғилиш”, деб айтадилар донолар. Биз албатта ушбу ажойиб инсоннинг қутлуғ номини абадийлаштириш учун Тошкентда, Нукусда ва республиканинг бошқа ҳудудларида, сизлар билан бамаслаҳат, унинг номи кўчалар, хиёбонлар ва бошқа объектларга берилади, албатта.
Агар пандемия бўлмаганда, бугун бутун элимиз Қорақалпоғистонга келган бўларди. Бутун халқимиз биз билан.
Бу инсон қарийб 50 йиллик меҳнат фаолиятида халқига ҳалол меҳнат қиламан деб, бошидан жуда кўп азоб-уқубатларни ўтказган. Унинг вафоти – барчамиз учун оғир мусибат. Қорақалпоқ элининг мана шундай буюк фарзанди хотирамизда абадий қолади. Ҳали кўп шоирлар Муса Тажетдинович ҳақида китоблар ёзади, ёшларга ўрнак қилиб кўрсатамиз.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқига мурожаат қилиб айтмоқчиманки, биз ҳеч қачон Муса Тажетдиновични унутмаймиз. Илоҳим жойлари жаннатдан бўлсин. Муса Тажетдинович Ерниязов – буюк оғамизнинг порлоқ хотираси барчамизнинг қалбимизда мангу яшайди”.
Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси – Ўзбекистон Республикаси Сенати Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Тажетдинович Ерниязов 31 июль куни 73 ёшида коронавирусдан вафот этди.
Маълумот учун, Муса Ерниязовнинг коронавирусга чалинган 18 июль куни маълум бўлганди. Марҳумнинг ўлимидан бир кун аввал ССВ расмийлари сенатор оғир аҳволда эканини билдирганди.