Мурод Ражабов энди кинода суратга тушмайдими? Актёр узоқ танаффусдан сўнг кўриниш берди
Маданият-санъат
−
09 Январь 2023
42519Ўзбекистон кинематография агентлиги ходимлари кеча, 8 январь куни Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабовнинг хонадонига бориб, унга “Кинематография фидокори” кўкрак нишонини топширди. Актёр бир неча йиллардан буён кино ва сериалларда кўриниш бермаётган эди.
Жараёнда иштирок этган киношунос, журналист Шоҳира Ҳамро ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали жонли эфирга чиқиб, кўплаб кино ихлосмандларининг салом ва табрикларини актёрга етказди. Актёр эса кино ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Салом йўллаётган барчани тани-жони соғ бўлсин. Мен оддий мухлисларимизни яхши кўраман, ҳурмат қиламан. Чунки бизнинг Ўзбекистонда кўпчиликка, айниқса, айрим раҳбарларга театр ёки кино бўладими, санъат керак эмас. Халқнинг ичидаги томошабинлар тушунади, билади. Айнан тушуниши керак бўлган, ҳақиқий санъатимизни халққа етказиб бериши керак бўлганлар, кўп нарсани тушунишмайди. Халқимиз қаерда бўлмасин, яхши гаплар гапиришади. Ана шунинг учун яшагингиз, ижод қилгингиз келади”, дейди у.
Шунингдек, жонли эфир кузатувчилари актёрга “сизга ёқадиган сценарий бўлса, кинода суратга тушасизми”, деган савол йўллади. Бироқ у бу саволга салбий жавоб қайтарган.
“Йўқ-йўқ, киноларда суратга тушишга ва бошқа интервьюларга ваъда бермайман. Хафа бўлмайсизлар. Бўлди, энди бўёғига янги чиқаётганлар роль ўйнасин, гапирсин. Мен чарчадим”, дейди актёр.
Бугун, 9 январь куни актёр Алишер Узоқов ҳам Мурод Ражабовни йўқлаб, Instagram'га видео қўйди ва улар биргаликда режалар қилгани ҳамда тез орада суратга олиш жараёнлари бошланишини айтди.
Қолаверса, бугун , 9 январь куни Мурод Ражабов ўзининг Instagram саҳифаси орқали яна бир видео мурожаат билан чиқиш қилди ва кечаги видеодан сўнг уни соғлиғига алоқадор хабарларга, “Хавотир олманглар, мен яхшиман”, дея муносабат билдирди ва кино мавзусига яна бир бор тўхталди.
“Кино масаласида бир нарсани тушунинглар. Энди, ҳа деб кинода ўйнайверадими? Мен кинога 25 ёшимда чиққанман. Шунақа пайтлар бўлган, ҳеч бўш турмасдим. Кинода, театрда ва рекламада суратга тушаверганман. Ана ўша пайтда Мурод Ражабов ҳамма ерда чиқаверади, деб гапиришган. Энди чиқмасам ҳам нимага ҳеч қаерда чиқмаяпти, дейишяпти. Санъаткор, артист нимаси билан бой, у нима билан мақтанади? Фақат ўз мухлислари билан, ҳеч қайси санъаткор ўз ҳаётини мухлисларсиз тасаввур қилолмайди”, деган Ўзбекистон халқ артисти.
Маълумот ўрнида, Мурод Ражабов 1949 йилнинг 30 май куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1971 йилда Тошкент санъат институтини тамомлаган актёр фаолияти давомида ўзбек халқи учун қадрдон бўлиб қолган, қатор кинофильмларда суратга тушган. Жумладан, “Ажойиб хаёлпараст”, “Тўйлар муборак”, “Темир хотин”, “Темир эркак”, “Кичкина табиб”, “Кўзларинг маъюс”, “Улфатлар”, “Келгинди куёв”, “Хавфли бурилиш”, “Кечир”, “Супер келинчак”, “Ичкуёв”, “Киракаш” каби фильмлар бунга мисол. Мурод Ражабов 2008 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан “Кинематография фидокори” кўкрак нишони таъсис этилган ва унга оид низом тасдиқланган эди.
LiveБарчаси