Мурод Хонтўраевнинг вафоти бўйича жиноий иш қўзғатилди
3-саҳифа
−
27 Июль 2021
67017Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев вафот этган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ҳолат бўйича Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилган.
Мурод Хонтўраев бошқарувидаги BMW X5 автомобили билан тўқнашув содир этган Lacetti автомобили ҳайдовчиси А.У. гувоҳ сифатида терговга жалб этилган.
Эслатиб ўтамиз, "Осиё айиғи" номи билан танилган ММA жангчиси, Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев иштирокидаги ЙТҲ жорий йилнинг 19 июль куни соат 11:30 ларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4R-12 автомобиль йўлининг 68-километрида содир бўлган. Бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган Lacetti ҳамда BMW X5 русумли автомобиллар иштирокидаги тўқнашувда BMW X5 русумли автомобиль йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган.
Оқибатда BMW X5 русумли автомобиль ҳайдовчиси, 1987 йилда туғилган Мурод Хонтўраев воқеа жойида вафот этган ва ушбу автомобиль йўловчиси Жасур Анорбоев тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.
Қуйида QALAMPIR.UZ'нинг Мурод Хонтўраевнинг ёрқин хотирасига бағишланган "Ғанимат" фильмини томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси