Мудрик допинг можаросида Украина терма жамоасини айблади
Спорт
−
09:42 130 2 дақиқа
Допинг сабабли футболдан четлатилган украиналик ярим ҳимоячи Михаил Мудрик тақиқланган мельдоний моддаси унинг организмига Украина миллий терма жамоаси сафида бўлган вақтида тушганига ишонч билдирмоқда. Бу ҳақда Мудрик украиналик журналист Дмитрий Гордонга берган интервьюсида маълум қилди.
2024 йил декабрь ойида “Челси” клуби футболчида мельдоний бўйича ўтказилган допинг-тест ижобий натижа берганини маълум қилганди. Шундан сўнг Англия футбол ассоциацияси (FA) уни вақтинча мусобақалардан четлатди.
Кейинчалик футболчига нисбатан тўрт йиллик дисквалификация белгиланди. Бироқ жорий йил июль ойида FA Мудрикнинг иши Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) розилиги билан келишув асосида ҳал қилинганини маълум қилди. Футболчи қоидабузарликни тан олди ва келишувгача ўтган вақтни ҳисобга олган ҳолда дисквалификация муддатига рози бўлди.
“Бу фақат Шарқий Европада олиш мумкин бўлган дори. Бундай препарат Англияда йўқ. Мен ўша вақтда Украина миллий терма жамоаси сафида эдим. Мамлакатга фақат терма жамоа билан ишлаш учун борганман”, дейди Мудрик.
Футболчининг таъкидлашича, мельдоний унинг организмига терма жамоада бўлган вақтида тушган бўлиши мумкин. У жамоада овқатланиш ва дори воситаларини назорат қилиш тизими етарли даражада йўлга қўйилмаганини айтди.
“Терма жамоада ушбу модданинг организимга тушиши мумкин бўлган йўлларини санаш учун икки қўлим ҳам етмайди. Энг оддийсидан тортиб, энг жиддийсигача. Украина терма жамоасида клубларда бўлиши керак бўлган хавфсизлик тизими йўқ. Терма жамоамизда овқатланиш бўйича мутахассис бор. У ҳар икки кунда – ўйинлар олдидан ташқари – барчага кичик стакан олиб келади ва ундаги таблеткаларни ичишни талаб қилади”, дейди футболчи.
Мудрикдан ушбу вазият учун Украина терма жамоасини айблашга тайёрми ёки йўқлиги сўралганида, у “Ҳа, айнан шундай”, деб жавоб берди. Шунингдек, футболчи дисквалификация даврида Украина футбол ассоциацияси (UAF) унга ёрдам беришдан кўра кўпроқ муаммо туғдирганини таъкидлади.
Маълумот учун, 25 ёшли Мудрик ҳозирда “Тоттенхэм” футболчиси ҳисобланади. У Украина миллий терма жамоаси сафида 28 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол урган.
Live
Барчаси